Путин ҳар уч кунда коронавирусга тест топшираётганини айтди

Путин ҳар уч кунда коронавирусга тест топшираётганини айтди

@Sirdaryo
Фото: «Дарё»

Россия президенти Владимир Путин «Россия 1» телеканалининг «Москва. Кремль. Путин» кўрсатуви эфирида ўзи коронавирусга топширган тестларининг натижаси манфий чиқаётганини маълум қилди. РФ давлат раҳбари ҳар уч кунда тест топшираётганини ҳам айтиб ўтган, дейилади «Дарё» хабарида.

«Ҳар уч ёки тўрт кунда мунтазам равишда тест топшираман», — деган РФ президенти журналистларнинг бу борада берган саволига жавобан.

Тестларнинг жавоби ҳар доим манфийми, деган мазмунда берилган саволга у: «Ҳозирча ҳа», — дея жавоб қилган.

Путин интервью давомида пандемия давридаги масофадан туриб ишлаш тартиби ҳақида ҳам тушунтириш бериб ўтди.

HUMO bilan Misrga sayohat qiling! ✈️

«Дарҳақиқат, маълум даражада бу синов дея оламан, чунки менга одамлар билан мулоқот қилиш ёқади. Одамлар билан тўғридан-тўғри суҳбатдан ички қониқиш ҳосил қиламан», — дейди Владимир Путин.

Путин Коммунаркадаги Қизил ҳудуд касалхонасига боришини айтганида уни бу йўлдан қайтаришга уринишганини ҳам ошкор этди.

Фото: «Дарё»

«Бу йўлдан қайтаришга уринишган, ҳатто ҳамма ушбу қарорга қарши чиққан. Ҳўш, у ерга нима учун бордим? Аввало, у ерда нима қандай жойлаштирилгани, шароит қандайлигини ўз кўзим билан кўришни хоҳладим. Ҳисоботлар орқали маълумот олиш бошқа, ўзинг жойига чиқиб ҳаммаси қандайлигини кўриш бошқа», — дея қўшимча қилган у.

Эслатиб ўтамиз, Путин март ойи охирида Коммунаркадаги касалхонага борган, у ерда бош шифокор Денис Проценко билан учрашганди. Орадан бир неча кун ўтгач Проценкода коронавирус аниқланган. Умуман Проценко Россияда коронавирус аниқланган биринчи таниқли шахс эмас, ундан кейин бош вазир Михаил Мишустин, қурилиш вазири Владимир Якушев ва ўринбосари Дмитрий Волков, маданият вазири Ольга Любимова ҳамда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам коронавирус инфекциясига чалинган.

Report Page