Омонатга хиёнат

Омонатга хиёнат

@Sirdaryo
Фото: huquq.uz

Бюронинг Сергели туман бўлими иш юритувида бўлган суд қарорига асосан жавобгарлар «G.t.leasing» ва «S.a.leasing» МЧЖлар ҳисобидан солидар тартибда АТБ «Халқ банки» фойдасига 421 мил­лион 659 минг сўм асосий қарзни ундириш белгиланган эди.

Ижро ҳужжати бўйича «Sergeli avto leasing» МЧЖга тегишли «Нексия» русумли автотранспорт воситаси фуқаро Х.П.да эканлиги аниқланди ҳамда суд ижрочиси томонидан ушбу автомобил воситаси мавжуд қарздорликни ундиришни таъминлаш мақсадида хатланиб, Х.П.га сақлаш учун топширилди.

Бюронинг Сергели туман бўлими давлат ижрочиси жорий йилнинг 10 май куни ижро ҳужжати бўйича фуқаро Х.П.га хатланиб, сақлаш учун топширилган автомашинани кўздан кечириш учун борди. Х.П 55 миллион сўмга баҳоланган автотранспорт воситасини банк ходимлари олиб кетганлигини важ қилди. У вақтинча сақлаш учун берилган автотранспорт воситасини яшириб, қонун талабларини бажаришдан бўйин товлади.

Мазкур ҳолат юзасидан Х.П.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 233-моддаси 1-қисми билан жи­ноят иши қўзғатилди.

Шунингдек, қарздор «Sergeli avto leasing» МЧЖга тегишли бўлган 2008 йилда ишлаб чиқарилган «Нексия сонс» русумли автотранспорт воситаси Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги фуқаро У.Қ. бошқарувидалиги аниқланган. Бу ҳолат юзасидан манзилга бориб ўрганилганда, автоулов яроқсиз ҳолда эканлиги маьлум бўлди. Мазкур автомобил 2015 йилда йўлдан чиқиб кетиб, жарликка қулаб ёниб кетган, автомашина ичида хеч кимга жароҳат етмагани, ички ишлар бўлимига мурожаат қилинмагани аниқланган.

Бундан ташқари, «Sergeli avto leasing» МЧЖга тегишли бўлган 2013 йилда ишлаб чиқарилган «Каптива» русумли автотранспорт воситаси самар­қандлик фуқаро О.С. раҳбарлик қиладиган жамиятга лизинг шартномаси асосида топширилганлиги аниқланди. Маълум бўлишича, мазкур автомобил 2016 йил бошларида лизинг жамияти раҳбари Акбар исмли шахс томонидан олиб кетилган.

Жамиятга тегишли қидирувдаги яна бир автоулов — 2009 йилда ишлаб чиқарилган «Lacetti» русумли автотранспорт воситаси эса Сирдарё вилоятидаги жамиятлардан бирининг номига расмийлаштирилгани аниқланди. Ушбу автомобил 2016 йил 5 ноябрдаги совға шартномаси билан ҳозирги кунда Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро М.А. номига қайта расмийлаштирилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Бюронинг Сергели туман бўлими томонидан ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Улуғбек Худойберганов,

МИБ Сергели туман бўлими инспектори

Report Page