Ўзтрансгаз: Табиий газни икки бараварига тежайдиган замонавий универсал газ ёндиргичлар лойиҳаси Сирдарё тумани 280 хонадонида синов тариқасида амалга оширилмоқда.

Ўзтрансгаз: Табиий газни икки бараварига тежайдиган замонавий универсал газ ёндиргичлар лойиҳаси Сирдарё тумани 280 хонадонида синов тариқасида амалга оширилмоқда.

@Sirdaryo
Фото: kun.uz

Республика бўйича автоматик қурилмага эга бўлган газ ёндиргичдан фойдаланаётган хонадонлар сони қарийб 2 миллион бўлса, қиш мавсумининг бир ойида тежаб қолинадиган газ ҳажми 518 840 000 куб метрни ташкил этади, деб «Ўзтрансгаз» хабарига таяниб, kun.uz хабар бермоқда. 

Таъкидланишича, қиймати 166 миллиард 28 миллион 800 юзминг сўмлик табиий газ 1,5 миллиондан ортиқ абонентни бир ой таъминлашга етади.

«2018 йилнинг январь ойида Сирдарёда бир хонадон эгаси 626 куб метр табиий газ истеъмоли учун тўловни амалга оширган бўлса, шу йилнинг январь ойида эса 346 куб метр табиий газ сарфлаган. Бир ойда 280 куб метр газ, яъни 89 600 сўм тежаб қолган.

Бундай натижага эришиш учун хонадонлардаги эски қозонлардаги газ ёндиргичларни замонавий универсал мосламаларга алмаштирилиши кифоя», — дейилади жамият ахборотида. 

Соҳа мутахассисларнинг фикрича, газ узатиш тармоқларидаги йўқотишларнинг олдини олиш эвазига бир ойда 5 миллион куб метр зангори оловни тежаш мумкин.

«Президентимиз томонидан ўтган куз ва қиш мавсумини танқидий таҳлил қилган ҳолда, аҳолини келаётган куз-қиш мавсумида хавфсиз, бир маромда ва энергия тежамкор жиҳозларни жорий этган ҳолда, тўлиқ кафолатланган табиий газ билан таъминлаш вазифаси қўйилди. Етказиб берилаётган табиий газнинг 10 миллиарди аҳоли истеъмолчиларига тўғри келмоқда. 

Ўрганишлар шуни кўрсатдики, республикамиз аҳолиси томонидан ишлатилаётган қозонларни газ ёндиргичларни қарийб 70 фоизи ҳозирги замон талабларига жавоб бермаслиги, автоматик бошқарув тизимига эга эмаслиги ва бу ўз ўрнида ортиқча табиий газ сарфига сабаб бўлаётгани маълум бўлди», — дейди «Ўзтрансгаз» АЖ бошқаруви раиси Баҳодир Эшмуратов .

Жамият маълумотига кўра, хонадонларга ўрнатилаётган иситиш жиҳозларининг 16 фоизигина стандарт талабларига жавоб беради. 

«Бир вақтнинг ўзида 2 миллион 307 минг аҳоли хонадонида автоматик бошқарув тизимига эга бўлмаган газ ёндиргичлардан фойдаланилмоқда. Натижада ҳар ойда 553 миллион куб метр ёки 177 миллиард 230 миллион сўмлик табиий газ ҳавога учяпти. Худди шу миқдордаги табиий газ ҳажми 1,5 миллиондан ортиқ истеъмолчини бир ой давомида табиий газ билан таъминлаши мумкин. Эски газ ёндиргичлари замонавий автоматик бошқарув тизимига эга ёндиргичларга алмаштириш орқали табиий газ сарфини 1 баробарга иқтисод қилиш мумкин», — дейилади хабарда. 

Таъкидланишича, табиий газни икки бараварига тежайдиган замонавий универсал газ ёндиргичлар лойиҳаси Сирдарё вилояти Сирдарё тумани 280 хонадонида синов тариқасида амалга оширилмоқда. 

Сирдарё вилоятида ўтказган тажрибалар замонавий ёндиргичларга алмаштириш ўз самарасини 50-60 фоизгача ёқилғини тежаш имкониятини бераётганлигини кўрсатди, деб маълумот бермоқда «Ўзтрансгаз».

Report Page