Халқаро молия корпорацияси Сирдарё ИЭСни модернизация қилади — Молия вазирлиги

Халқаро молия корпорацияси Сирдарё ИЭСни модернизация қилади — Молия вазирлиги

@Sirdaryo
Фото: kun.uz

Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни (ДХШ) ривожлантириш агентлиги Халқаро молия корпорацияси (IFC) билан Сирдарё ИЭС лойиҳасини амалга ошириш юзасидан муҳокамалар бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

«Ўзбекистонда энергетикани давлат-хусусий шериклик йўли билан ривожлантиришдаги энг катта лойиҳалардан бири Сирдарё вилоятидаги мавжуд ИЭСни янгилаш жараёни ҳисобланади», — дейилади расмий ахборотда.

kun.uz'нинг ёзишича, агентлик жорий йилнинг сўнгига қадар Сирдарё ИЭСни модернизация қилиш лойиҳаси юзасидан тендер жараёнини бошлашни таклиф қилмоқда. Халқаро молия корпорацияси (IFC) вакиллари энг аввало Сирдарё ИЭС лойиҳаси билан боғлиқ бўлган барча керакли маълумотларни ҳукумат тақдим қилган ҳолда, ушбу жараённи йил охирига қадар бошлаш имконияти мавжудлигини қайд этган.

Муҳокамаларда 2.6 гВт қувватига эга бўлган, Сирдарё ИЭС лойиҳаси икки босқичда амалга оширилиши кўзда тутилмоқда. 

Биринчи босқичда қуввати 1.3 гВт бўлган бирлашган-циклли газ турбинли гринфилд (greenfield) электр станциясини қуриш масаласи ўрганилмоқда.

Томонлар муҳокамалар вақтида шунингдек шамол ва қуёш энергетикаси истиқболи, бу борада ҳам ДХШ лойиҳаларини амалга ошириш бўйича фикрлар алмашилди.

Давлат-хусусий шерикликни (ДХШ) ривожлантириш агентлиги, Энергетика вазирлиги ва Жаҳон банки ҳамкорлигида Тошкент ИЭСидаги эскирган энергоблокларни модернизация қилиш ва янги энергоблокларни барпо этиш бўйича олиб борилган учрашувлар ҳам ўз самарасини бериб, ҳозирда ушбу лойиҳани ҳаётга самарали татбиқ этиш бўйича якуний хулосалар тайёрланмоқда.

Report Page