Хотин-қизлар мурожаатлари – “Миллий тикланиш” ДПнинг доимий эътиборида

Хотин-қизлар мурожаатлари – “Миллий тикланиш” ДПнинг доимий эътиборида

@Sirdaryo
Фото: Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Сирдарё вилоят кенгаши “Аёллар қаноти” томонидан вилоятдаги хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, оила ва жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, шунингдек уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш борасида бир қатор амалий ишлар қилиб келинмоқда.

Партиянинг “Уйма-уй” лойиҳаси доирасида “Аёллар қаноти” фаоллари ҳамда партиядан маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлар жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятдаги 282 та хонадонларда бўлиб, хотин-қизларга масаласига доир 107 мурожаатни рўйхатга олдилар. Мурожаатларнинг аксарияти партиядан сайланган депутатлар иштирокида ижобий ҳал этилди.

Хусусан, ишга жойлашиш борасида партия фаолларидан амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган 6 нафар Гулистон тумани, 6 нафар Гулистон шаҳри, 3 нафар Боёвут тумани, 2 нафар Ширин шаҳри ҳамда 1 нафар Сирдарё тумани фуқаролари бўлган хотин-қизлар ишга жойлаштирилди. Шунингдек, вилоятдаги хотин-қизларнинг 2 нафарига даволаниши учун ордер олиб беришда амалий ёрдам кўрсатилди, яна 5 нафарига ногиронлик аравачалари топширилди. 8 нафар фуқарога нафақа тайинланишида ҳамда 5 нафар фуқарога моддий ёрдам ажратилишида кўмаклашшилди.

Шунингдек, ЎзМТДП Сирдарё вилоят кенгаши томонидан жойларда ўтказилган “Сайёр қабул”ларда хотин-қизлардан 100 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 17 таси бандлик, 7 таси коммунал соҳа, 10 таси уй-жой масаласи, 19 таси нафақага чиқиш, 20 таси соғлиқни сақлаш, 11 таси банкдан имтиёзли кредит олиш ва 16 таси бошқа масалаларда бўлди. Мазкур мурожаатларнинг 48 таси ижобий ҳал этилди. 52 таси тегишли ташкилотларга юборилиб, депутатлик назоратига олинди.

“Хизмат – беминнат” лойиҳаси доирасида “Аёллар қаноти” томонидан хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, “Устоз-шогирд” анъаналарини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган 26 та бепул ўқув-курсларда вилоятнинг вақтинча ишсиз 116 нафар хотин-қизларига тикувчилик, каштачилик, тўқиш, миллий либосларга безак ясаш, матога гул босиш, зардўзлик, миллий қўғирчоқлар ясаш, пазандачилик, сартарошлик ҳамда компьютер саводхонлиги бўйича сабоқлар берилмоқда. Улар ЎзМТДП кўмагида яқин келажакда касб-ҳунар сирларини пухта эгаллаб, ўз оилалари фаровонлигини таъминлашга ҳисса қўшадилар.

Дилобар Каттабекова,
ЎзМТДП Сирдарё вилоят кенгаши матбуот котиби

Report Page