Саёқ юрган – таёқ ейди

Саёқ юрган – таёқ ейди

@Sirdaryo
Уйда қолинг!

Вояга етмаганлар ишлари бўйича Гулистон шаҳар идоралараро комиссияси ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда тунги рейд тадбирлари ўтказилди.

Халқимизнинг саёқ юрган – таёқ ейди, деган доно мақоли бор. Бугун пандемия туфайли эълон қилинган карантин талаблари юмшатилиб, бир қатор маиший объектлар, жумладан, овқатланиш ва шу каби шохобчаларнинг карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда иш юритишига рухсат этилди. Бироқ бу бемақсад, хоҳлаган пайтда, хоҳлаган жойда юрса бўлади, дегани эмас.

– Карантин талаблари юмшатилди, аммо у бекор қилингани йўқ, – дейди Гулистон шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи полковник Зоҳид Қаюмов. – Ушбу тунги қўшма рейдни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – тунги соат 22:00 дан сўнг вояга етмаганларни назоратсиз, қаровсиз ва бемақсад юришларини олдини олишдан иборат. Ҳамкорликда ўтказган тадбиримиз давомида Гулистон шаҳри ҳудудида тунги соат 22:00 да вояга етмаган ёшлар ота-оналари назоратисиз, бемақсад юргани аниқланди. Уларнинг барчаси шаҳар ички ишлар бўлимига келтирилиб, шахслари аниқланди ва ота-оналари чақиртирилиб, улар билан биргаликда профилактик суҳбатлар ўтказдик. 

Бугунги пандемия туфайли жорий этилган карантин даврида вояга етмаган шахсларнинг нафақат кечаси, балки кундуз куни ҳам бемақсад кўчага чиқмасликлари ота-оналари назоратисиз юрмасликлари кераклиги, ушбу хатти ҳаракатлари билан бу вояга етмаган шахслар нафақат ўз саломатликларини, балки, оила-аъзолари, қўни-қўшнилари, маҳалладошлари ва ҳатто ҳамшаҳарлари соғлигини ҳам хавф остига қўяётганлиги таъкидланди. Улар билан яна шундай ҳолат такрорланса, бунданда қатъий чоралар кўрилиши маълум қилинди.

Вояга етмаган ёшларни қачон, қаерда ким билан, нима билан машғул эканини ота-она назорат қилмаса, жуда қаттиқ янглишади. Чунки назоратда бўлмаганини ҳис қилган ўсмир ёшидаги бола ўзини катта бўлиб қолган санайди. Билиб, билмай турли тўғри-нотўғри ҳаракатга қўл уриб қўйиши ҳеч гап эмас. Бир кеча, бир неча соат давомида ўтказилган тунги қўшма рейдда 10 нафар вояга етмаган ёшлар ўз ота-онасига нисбатан маъмурий чора кўрилишига сабабчи бўлди.

Аҳолиси сони 70 минг кишига ҳам етмайдиган бир шаҳарда аҳвол шундай бўлса, йирик-йирик шаҳарлардаги вояга етмаганлар нималар билан машғул экан-а?

Вояга етмаганлар ишлари бўйича Гулистон шаҳар идоралараро комиссиясининг ҳамкорликдаги тунги рейд тадбирлари давом этади.

А.ҚАЮМОВ, Ф.ТОШМАТОВ (сурат), ЎзА

Report Page