Сирдарё театри ижодкорлари сардобаликлар даврасида бўлди

    Сирдарё театри ижодкорлари сардобаликлар даврасида бўлди


     


Жорий йилнинг 19 июнь куни Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан белгиланган маънавият ойлиги доирасида Сирдарё вилоят мусиқали драма театрининг бир гуруҳ ижодкорлари Сардоба тумани марказига эвакуация қилинган аҳоли даврасида бўлишди.


Санъаткорлар томонидан сардобаликлар учун тумандаги 9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби биносида санитария-гигиена қоидаларига амал қилиб, масофани сақлаган ҳолда Ш.Маҳкамов асари “Қутича” ёки “Жинни бўлиш ҳеч гапмас” ғайриоддий комедия спектакли намойиш этилди. Саҳна асари театрнинг бош режиссёри Мансур Холиқовнинг ижодий изланишлари билан ўзига хос тарзда саҳналаштирилган. Ундаги образларни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шариф Жумаев билан бирга театрнинг ёш ва устоз ижодкорлари Нажмиддин Ўринов, Ҳусан Мусурмонқулов, Раъно Ҳайитова, Шерзод Каттабобоев, Санжар Маманазаровлар моҳирона талқин этишган. Ҳажвий кўринишдаги ранг-баранг саҳна кўринишларидан иборат спектаклни томоша қилган тадбир иштирокчилари мириқиб кулган ҳолда мароқли ҳордиқ чиқаришди. Юзларида барх уриб турган мамнуният томоша уларга қанчалар манзур бўлганини англатарди.


 Спектакль намойишидан сўнг театр директори Р.Ражабов сўзга чиқиб, сув тошқинидан талафот кўрганларга қарата, яхши ва хурсандчилик кунлар ҳали олдинда ҳамда ушбу кунларда санъаткорлар беминнат хизмат қилишга тайёр эканини, театр ижодкорлари доим бирга бўлишини таъкидлаб,  ўзининг самимий, илиқ фикрларини билдириб ўтди. Шунингдек, театрнинг актёр ҳамда хонандалари Раъно Ҳайитова ва Ўткир Исоқовлар ижросидаги дилтортар куй-қўшиқлар барчани хушнуд этиб, рақсга чорлади. Умидли актёр Шерзод Каттабобоев томонидан ижро этилган турли кўринишдаги ҳажвий ҳангомалар тадбир иштирокчилари руҳиятига кўтаринкилик бахшида этди. 


Бир сўз билан айтганда мазкур маданий тадбир, ижодкорлар ижросидаги юморга бой латифалар ҳамда саҳна кўринишлари уларнинг қалбига завқу шавқ улашди.


Сардобаликлар театр ижодкорларидан мамнун бўлиб, ўз миннатдорлигини изҳор этар экан, санъаткорлардан яна янги театр томошалари билан келишларини сўраб қолишди.

Сирдарё вилоят мусиқали драмма театр ахборот хизмати


Report Page