АДИБЛАР ХИЁБОНИ – МАЪРИФАТ МАСКАНИ

АДИБЛАР ХИЁБОНИ – МАЪРИФАТ МАСКАНИ



Куни кеча Ҳалима Худойбердиева номидаги она тили ва адабиёт фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг ўқитувчилари ва ижодкор ёшлари “Адиблар хиёбони” масканига бордилар.


Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида очилган  ушбу масканга ташриф буюрган юртбошимиз шундай фикрларни билдирдилар: - Адабиётга кўпроқ эътибор берганимиз, Ижод мактабларини ташкил қилганимиз, қайси соҳа бўлишидан қатъий назар, қабул қилган қарорларимиз замирида адабиёт халқнинг юраги десак, халқнинг маънавияти десак, бу ҳам тўғри бўлади. Адабиётга салгина эътибор қилмай қолганлигимиз учун ўзимиз ҳаётда кўрдикки, тарбиямизда қанча-қанча нуқсонлар, камчиликлар пайдо бўлди. Шунинг учун биринчи кундан бошлаб сизлар билан биргаликда адабиётга эътибор берганимиз ўзини, албатта, ижобий натижасини беради, лекин бунга сабр керак, тоқат керак, матонат керак, ўқиш керак, ўқитиш керак. Буюк Алишер Навоий бобомиз фақат туркий халқлар эмас, бутун башарият даҳоси бўлганини инобатга олиб, бу буюк инсонга эҳтиромимизни такрор-такрор билдириш нуқтаи назаридан мана шу Ёзувчилар уюшмасини бу ерга олиб келиб, мана шундай хиёбон барпо қилганимиз бежиз эмас. Гўёки, Алишер Навоий бобомиздан кейин адабиётимизда қандайдир ривожланиш бўлмагандай бўлиб қолган эди, лекин бу ерда турган адибларимиз Навоий бобомиздан кейин ҳам Ўзбекистонда буюк-буюк адиблар пайдо бўлгани нуқтаи назаридан бутун дунё ҳайратда ва қизиқишда десак, тўғри бўлади. Агар биргина Бобур Мирзони олсак, ҳамма соҳаларни ривожлантириб, буюк бобурийлар салтанатини қурганини ҳали биз элимизгаям, дунёгаям яхлит бир етказиб бера олганимиз йўқ. Мана шуни инобатга олиб, бу “Адиблар хиёбони” ни элимизга, халқимизга, айниқса, ёшларимизга етказишимиз лозим. Мен бекорга адабиёт халқнинг юраги, маънавияти деганим йўқ.

Ҳамма соҳада ҳам ўқиган одам, адабиёт билан ошно бўлган одам – ҳеч қачон кам бўлмаганини ҳаммамиз кўриб турибмиз ва билиб турибмиз.  Мана шу маскандаги адибларимизнинг ҳар бирини ижодини тўлиқ ўрганишимиз ўринлидир.

Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда ҳар битта олийгоҳ, ҳар битта улуғ сиймомиз тўғрисида, авваламбор, китобхонликлар, мушоиралар қилсак, мана шу маскан янада файзли бўлади.  

Навоий бобомиздан қолган жуда катта меросни халққа қандай қилиб етказса бўлади? Ҳали у саволга жавоб йўқ бизда. Нимага десангиз, бобомизнинг тилини тушунишда ҳали биз мукаммалликка етканимиз йўқ. Навоий энциклопедиясини мукаммал муҳрлаб чиқариш ва Навоий тўғрисида кино, ҳужжатли фильмлар яратишга манбаа топиш зарур. Мана шу Адиблар масканига келиб бобомизнинг ҳар битта китобини ҳар битта йўналишда: маданий, тил, давлатчилик нуқтаи назаридан ўргансак арзийди. 

Адиблар хиёбонини биз шундай маскан қилганимиз -  ёзувчиларга, ёшларимизга ижодий баркамоллик тилаш билан бирга, соҳасидан қатъий назар ҳар бир инсоннинг юрагига адабиёт руҳини  киргизишимиз лозим. Адабиёт киргизиш билан биз юрагига маънавият киргизамиз, маърифат киргизамиз, маданият киргизамиз. Агар у маънавиятли бўлса ҳамма чўққига етади.

Энди бу маскан ҳақиқий маърифат масканига, адабиёт масканига айланиши керак, - деган эдилар.

Ижод мактаби ўқувчилари дастлаб Ҳазрат Алишер Навоий пойига гул қўйиб, элимизнинг буюк шоирига эҳтиром кўрсатдилар.

- Муҳтарам Президентимиз таклифлари билан барпо этилган “Адиблар хиёбони” мажмуасининг очилиши чин маънода адабиёт байрамига айланди - деди Ҳалима Худойбердиева номидаги Ижод мактаби директори, эл севган шоир Муҳаммад Исмоил, - бу маскан бугунги кунда адабиётни севган, ўзининг ўтмиши, тарихи билан ғурурланадиган ҳар бир ватандошимизнинг севимли масканига айланиб бормоқда. Шундай сўлим, гўзал ошёнга халқимизнинг буюк фарзандларининг ҳайкаллари қўйилиши барчамизни қувонтирди. Бу чин маънода миллатнинг ўтмишига, асл фарзандларига бўлган ҳурмат намунаси бўлди. Мана, азиз ўқувчилар! Президентимиз айтганларидек, бу маскан мушоиралар ўтказадиган, ижодий мулоқотлар қиладиган, буюк адибларимиз ҳақида янада кўпроқ маълумотга эга бўладиган, қалбингизда адабиётга, ижодга, яратувчанликка иштиёқ, меҳр ҳиссини уйғотадиган маскан бўлди. “Адиблар хиёбони” бугун чиндан адабиёт масканига, маънавият масканига ва маърифат масканига айланиб бормоқда, - дея таъкидлади.

Ижод мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари Бобур Мирзо, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф каби адабиётимизда ёрқин из қолдирган буюк адибларимиз пойига ҳам гуллар қўйишди. Ўқувчилар гўё буюк боболари қаршисида тургандек ҳаяжонланиб, ғурурланиб, фахр-ифтихор ҳиссини туюб, уларнинг шеърларидан намуналарни ифодали ўқидилар.

Ижод мактаби раҳбари, шоир Муҳаммад Исмоил ўқувчиларга ҳар бир адибнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида батафсил маълумот бериб, уларнинг ҳаёт йўли, адабиётнинг ривожланишига қўшган муҳим ҳиссалари ҳақида сўзлади. “Адиблар хиёбони” ансамблининг юксак меъморий жиҳатдан ўзига хослиги, ҳар бир ижодкорга хос чизгилар ҳақида атрофлича маълумот бериб ўтди.

Ҳалима Худойбердиева номидаги Ижод мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари ёрқин истеъдод соҳибаси, Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева мангу қўним топган масканга ҳам бориб, севимли шоирамиз қабрини зиёрат қилиб, Қуръон тиловат қилдилар. Ҳалима опанинг садоқатли шогирди Муҳаммад Исмоил зиёрат чоғида кўзида ёш билан: - Ҳалима опамдек буюк шахс дунёга кам келади. Ҳалима опа фақат шоира, ижодкор эмас, самимий, қалби пок, юксак инсоний фазилатларга эга ҳақиқий инсон эди, - деб эътироф этди.

Ўқувчилар ҳам бу зиёратдан таъсирланиб, шундай буюк шахснинг номи берилган мактабда ўқиётганликларидан, шундай инсонга муносиб шогирд бўлиш йўлида тинмай изланиб, ижод қилишлари ҳақида ўз олдиларига мақсад қилиб қўйдилар.

Моҳидил Зияева,

Ҳалима Худойбердиева номидаги

Ижод мактаби ўқитувчиси,

Халқ таълими аълочиси


Report Page