Бузғунчилар хуружидан эҳтиёт бўлайлик!

Бузғунчилар хуружидан эҳтиёт бўлайлик!

@Sirdaryo
Фото: SirdaryoMuslim.uz

Ислом − эзгулик ва маърифатпарварлик динидир. Аммо бугунги кунда турли ғаразли мақсадларни кўзлаб, муқаддас динимизга янги тушунчаларни киритиш орқали одамларни тўғри йўлдан адаштиришга уринаётган жамоаларнинг фаолияти ҳам афсуски кузатилмоқда. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳаётлик вақтларида воқе бўлмаган, аммо келажак асрларда вужудга келиши мумкин бўлган, халқлар ва миллатлар бирлиги ҳамда осойишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар ҳақида хабар бериб, огоҳ этган эдилар:

   “Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмонини фарқига бормаса, мўминига зиён тегишидан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!”.

   Инсон огоҳ бўлсагина ўзининг келажагига ақл билан теран назар ташлайди, келиши ёки содир бўлиши мумкин бўлган фитна-фасод, хавф-хатарнинг олдини олиш ва бартараф қилиш ҳаракатида бўлади. Аксинча, ғофил, бепарво ва лоқайд бўлган кимса эса, атрофида нималар бўлаётганига ҳам эътибор бермай, охир оқибат турли бало ва мусибатларга дучор бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таъоло ақл-фаросати ва онгини ишлатмайдиган, ўзининг ким эканлигини англаб етмаган, бугунги куннинг ҳузур-ҳаловати билан яшаб, эртанги кун, Ватан тинчлиги, миллат осойишталиги ҳақида қайғурмайдиган кимсалар ҳақида шундай марҳамат қилади:

  “Жаҳаннам учун жинлар ва инсонларнинг кўпчилигини яратганмиз. Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан “англамайдилар”. Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан “кўрмайдилар”. Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан “эшитмайдилар”. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки, улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир”. (Аъроф сураси 179-оят)

  Юқоридаги оят ва ҳадисларга биноан айтишимиз жоизки, умматнинг чироғи саналмиш Абу Ҳанифа – Имом Аъзамдек зотнинг мазҳабида бўлганимиз учун Ҳақ субҳанаҳу ва таъолонинг ўзига чексиз ҳамду санолар ва бениҳоя шукроналар айтишимиз ва шундай ҳидоят йўлини кўрсатиб берадиган тўғри йўлимиз турганда турли залолат ҳамда гумроҳликка олиб борадиган гуруҳ, ботил оқим ва тоифаларнинг тузоғига тушиб қолмаслигимиз, айниқса, бу тўғрида фарзандларимизни доимо огоҳлантириб боришимиз лозим бўлади.

Носиров Ботир,
Ховос тумани “Хуснобод” жоме масжиди имом хатиби

Report Page