ЛАЙЛАКЛАРИ ҚАЙТГАН ДИЁР

ЛАЙЛАКЛАРИ ҚАЙТГАН ДИЁР

@Sirdaryo
Фото: Моҳидил Зияева / Telegram

Лайлаклар қадим-қадимдан тинч-осойишта, обод, иссиқ мамлакатларни суйиб, ўзларига ошён қилганлар.

Бугун, вилоят Кенгаши депутатлари Гулистон давлат университети ректори Мухсин Ходжиев, Ҳалима Худойбердиева номидаги Ижод мактаби директори, элимизнинг ардоқли шоири Муҳаммад Исмоилов, Боёвут тумани “Аҳмадий” фермер хўжалиги раҳбари Баҳодир Кенжаев, “Исмат” фермер хўжалиги раҳбари Хуршид Раҳимов, Сирдарё тумани “АКМ - ШАХ” фермер хўжалиги раҳбари Акмал Икромов, Ховос тумани “Шуҳрат” фермер хўжалиги раҳбари Абдурасул Бобобеков, “Юксалиш” миллий ҳаракати Сирдарё вилояти ҳудудий бўлими раҳбари Сарвар Султоновлар Оқолтин туманида сув тошқини талофатларини бартараф этиш мақсадида Сурхондарёдан келиб, аҳолининг уйларини, турар жойларини таъмирлаётган, қайтадан барпо этаётган қурувчиларга маънавий кўмак бериш, ҳол-аҳвол сўраш мақсадида ташриф буюрдилар. Ҳудудга етиб борганда бир неча лайлакларнинг ўз гўшаларида ошён қуриб яшаётганларини кўриб, Вилоят Кенгаши депутати Муҳаммад Исмоил:

- Оқолтинга лайлаклар яна қайтибди, бу тинчлик, осойишталик, хотиржамлик, осудалик белгисидир. Оқолтинликлар ҳам яқин кунларда ўз уйларига, қадрдон гўшаларига қайтадилар, тинч-тотув, оила аъзолари, яқинлари билан биргаликда яшай бошлайдилар. Фарзандлари боғча ва мактабларга бориб, таълим-тарбия олишни давом эттиради, - деди.

Фото: Моҳидил Зияева / Telegram

Вилоят Кенгаши депутатлари сурхондарёлик ҳашарчиларнинг айни қизғин иш олиб бораётган палласида етиб боришди. Сурхондарё вилоятидан келган ҳашарчилар 16 та коттежд 2 та 2 қаватли уйни намунали тарзда қуриб бераяпти. Уйларга иссиқ сув, совуқ сув, табиий газ келтирилаяпти. Уй эгаларининг барчаси рози.

Президентимиз ташрифларида шундай таклиф берган эдилар:

- Барча вилоятдан келган ҳашарчилар, қурувчилар ўзлари қайтадан барпо қилган ҳудудга вилоятдан эсдалик сифатида ном қўяди, - деган фикрлари асосида сурхондарёлик қурувчилар яқинда битириб бўлган мактабгача таълим муассасасига “Сурхон қуёши” номини беришди.

“Термиз таъминоти” қурилиш бригадаси бошлиғи Мусурмон Раҳмонов отрядида 123 нафар ҳашарчи ва маҳаллий аҳоли вакилларидан иборат қурувчи ишлаётганлигини, маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам ўз маслаҳатларини, кўмагини аямаётганликларини айтиб ўтди. Июль ойининг 10 санасигача белгиланган уй-жойларни муддатидан олдин топширамиз. 90 фоиз қурилиш ишларини бажардик. Август ойидан бошлаб аҳоли ўз уйларида яшайди,- деди Мусурмон Раҳмонов.

- Сув тошқини бўлган куниёқ, Президентимизнинг ташриф буюрганлари бизни яна ўзимиз яшаган масканимизга ва ҳаётга қайтарди. Катта руҳий далда бўлди. Биз, энди бу ерда яна уйлар қурилармикан ёки бошқа жойдан уй-жой қиламизми, бола-чақамизни қаерга жойлаштирамиз, деб тушкунликка тушган пайтимизда Юртбошимизнинг меҳрлари бизни ўзимиз яшаб турган жойимизга қайтарди. Мана, бугун биз ҳам сурхондарёлик ҳашарчилар билан бирга ўзимизнинг масканимизни обод қиляпмиз, қайтадан қуряпмиз. Бизнинг руҳиятимиз тетик, ҳаётга, яшашга, янгиликка интилишга иштиёқимиз баланд. Уй-жойларимиз намунали тарзда, барча қулайликларга мос бўлиб қурилмоқда. Бунинг учун, аввало, Президентимизга, меҳрибон халқимизга раҳмат, - деди маҳаллий аҳоли вакилларидан бўлган, қурилиш ишларида иштирок этаётган Умар Бўрибоев.

Фото: Моҳидил Зияева / Telegram

Вилоят Кенгаши депутатлари қурилиш ишлари бораётган хонадонлар ва мактаб биносининг ички таъмирлари билан танишдилар. Ҳашарчилардан А.Қўчқоров, Ф.Омонов, Х.Суюнов, Ш.Бўрибоев, С.Қодиров, Ҳ.Холматов, Д.Абдусатторов каби қурувчи йигитлар билан суҳбат қизғин бўлди. Суҳбат давомида ўзбекона лутф, ҳазил-мутойиба, яхши кайфият, халқнинг ҳаётдан розилиги акс этиб турди.

Мактаб биноси ёнида йиғилган ҳашарчилар ва қурувчиларга халқимизнинг севимли шоири Муҳаммад Исмоил ўзининг қаламига мансуб шеърларидан ўқиб берди. Йиғилганлар завқу-шавқ билан юракка яқин шеърларни тинглаб, қизғин олқишладилар.

Вилоят Кенгаши депутатларига Оқолтин тумани ҳокими чегара масалалари бўйича ёрдамчиси Анвар Ҳусанов ҳамроҳлик қилди ва сурхондарёлик ҳашарчи йигитларнинг меҳнатсеварлиги, дилкашлиги ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтди.

Вилоят Кенгаши депутатлари сурхондарёлик ҳашарчиларга катта дошқозонда ҳашар оши беришди. Бундай эътибордан хурсанд бўлган қурувчилар ҳомийларга ўз миннатдорчиликларини баён этишди.

Халқимизга хос бўлган инсонпарварлик ва эзгуликка йўғрилган бундай тадбирлар давом этаверади.

Моҳидил Зияева,
Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби она тили ва адабиёти фанлари ўқитувчиси, Халқ таълими аълочиси

Report Page