Оиласи даромадининг ошиши кишининг ўзига боғлиқ

Оиласи даромадининг ошиши кишининг ўзига боғлиқ

@Sirdaryo
Фото: Фурқат ТОШМАТОВ / ЎзА

Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида банд бўлмаган хотин-қизларни иш билан таъминлаш мақсадида бир йўла 2 тикув фабрикаси илк маҳсулотларини ишлаб чиқаришни бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташаббуси билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда «Ҳунарманд» уюшмаси ҳамкорлигида Сирдарё вилоятида жорий йилнинг 15 июнидан бошлаб “UZ.Hunarmand-Taʼlim” лойиҳаси амалга оширилади.

– Ушбу лойиҳани амалга татбиқ этишдан кўзланган асосий мақсад – Давлатимиз раҳбарининг ўтган 2019 йилнинг февраль ойида вилоятимизга ташрифи чоғида, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида зиммамизга юкланган топшириқлар ижроси доирасида имконияти чекланган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахсларни, бандлиги таъминланмаган фуқароларни, жумладан, ёшларни ва хотин-қизларни «Устоз-шогирд» анъаналарига асосан ҳунармандчилик билан шуғулланишга йўналтириш орқали ишли қилишдан иборатдир, – дейди Сирдарё вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Наргиза Тожибоева. 

– Ана шу мақсадда «Ҳунарманд» уюшмаси вилоят бўлими томонидан ҳунармандчилик йўналишлари бўйича шогирд-ҳунармандлар тайёрлаш учун ўқув-машғулотлари ўтказишга салоҳияти бор уста-ҳунармандларни аниқлаб олдик. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг вилоят бошқармаси томонидан маҳаллаларда ушбу лойиҳада қатнашиш истагида бўлган, ҳунармандчиликка қизиққан фуқароларнинг, шу жумладан, имконияти чекланган, кам таъминланган ҳамда банд бўлмаган ёшлар ва хотин-қизларнинг рўйхатини шакллантириш айни пайтда ниҳояланаётир.

Фото: Фурқат ТОШМАТОВ / ЎзА

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташаббуси билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан биринчи босқичда 20 та йўналиш бўйича 41 нафар уста-ҳунармандларга 5 нафардан шогирдлар бириктирилади ва ўқув-машғулотлари уста-ҳунармандларнинг устахоналарида ташкил қилинади.

Лойиҳа доирасида «Устоз-шогирд» анъанаси асосида минглаб бандлиги таъминланмаган фуқаролар ҳунармандчилик сирларини ўрганади ва уларни шогирд сифатида «Ҳунарманд» уюшмасидан рўйхатдан ўтказилади. Шунингдек, маҳаллаларда ўз хонадонларида ҳунармандчиликнинг йўналишлари бўйича тажрибаси бўлган аҳоли орасида тарғибот ташвиқот ишлари олиб борилиб, тажрибали усталарни «Ҳунарманд» уюшмасига аъзо қилиш ишлари ҳам амалга оширилади.

– Туманимизда ҳам 9 нафар ҳунармандлар ўз шогирдлари билан миллий либослар тикиш, гилам тўқиш, зардўзлик, тўқувчилик, каштачилик, пазандалик ва бошқа шу каби йўналишларда ўқув машғулотларини олиб боришни режалаштирганмиз, – дейди маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг ўринбосари Муҳаббат Мустафоқулова. – Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ташкил этилган қайта тайёрлаш ва малака ошириш қисқа муддатли ўқув курсларида хотин-қизларнинг малакасини ошириш ишлари бошлаб юборилган.

Дарҳақиқат, ушбу саъйи ҳаракатлар натижасида, бугун Гулистон туманида бир эмас иккита тикув фабрикасида ишлаб чиқарилган илк тирикотаж маҳсулотлари тайёрлаш йўлга қўйилди.

Фото: Фурқат ТОШМАТОВ / ЎзА

Тумандаги Ибрат маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги бир вақтлар туман болалар юқумли касалликлари шифохонаси жойлашган бўлиб, муассаса туман марказий шифохонасининг янгидан барпо этилган биносига кўчирилгач, иншоот ташландиқ аҳволга келиб қолган эди. Ушбу бинони ноль қийматда сотиб олган гулистонлик тадбиркор Зокиржон Алматов иншоотни қайта реконструкция қилиб, тикув цехига мослаштирди.

– «Ипотека» акциядорлик тижорат банки Гулистон филиалидан 1 миллиард 500 миллион сўм 3 йиллик имтиёзли кредит маблағлари олиб, фирмамиз таъсисчиси сифатида турмуш ўртоғим Зокиржон Алматов бинони қайта реконструкция қилди, – дейди янгидан иш бошлаган «Равшан-Азамат» фирмаси раҳбари Дилфуза Алматова. – Қувонарлиси, банкдан олган кредит маблағимизнинг 50 фоизини Президентимизнинг ташаббуси билан ташкил этилган республика Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўлаб берадиган бўлди.

Олган кредит маблағларимизга 200 дона хорижда ишлаб чиқарилган энг замонавий тикув машинкаси, дазмол, махсус кесиш дастгоҳлари ва бошқа зарур жиҳозлар сотиб олиб келиб ўрнатилди. Тикув фабрикамиз эркаклар, аёллар ва болалар тирикотаж маҳсулотлари тайёрлашга ихтисослашган. Ишлаб чиқарадиган маҳсулотларнинг асосий қисми хорижга экспорт қилинади. Иш бошлашимиз билан соф пахта матосидан 5 минг дона эркаклар футболкасига буюртма олдик.

Фирмамизга қабул қилиш учун имтиҳон шартларини аълога топширган, ҳозирча, 50 нафар гулистонлик хотин-қизлар ана шу буюртмани тайёрлашаяпти. 2-3 кун давомида тикувчилик малакаси бор аёлларни ишга қабул қилишни давом эттириб, яна 150 нафар тикувчи-бичиувчи ва 10 нафар бошқа йўналишлар бўйича ходимлар доимий иш ўрнига эга бўлади.

Фото: Фурқат ТОШМАТОВ / ЎзА

Умумий майдони 0,5 гектарни ташкил этган фирмада меҳнат қилаётган ишчи-хизматчилар учун барча шароитлар яратиб қўйилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Дам олиш хонаси, 75 ўринли ошхона, мевали ва манзарали дарахтлардан иборат мўъжазгина боғда етиштирилаётган ширин-шакар ҳўл мевалар ҳам шу ерда меҳнат қилаётганлар учун бир маҳал бериладиган бепул тушлик пайти дастурхонга тортиқ этилади.

– Лойиҳамизнинг иккинчи қисмида мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллигига фаолиятимизни янада кенгайтириб, фирмамиз қошида қандолатчилик, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехлари фаолиятини ҳам йўлга қўйишни режалаштирганмиз, – дейди «Равшан-Азамат» фирмаси таъсисчиси Улуғбек Исаков. – Бу тумандаги яна 70-80 нафар банд бўлмаган аёллар иш билан таъминланади деганидир...

Шу тумандаги иккинчи тикув фабрикаси ҳам Деҳқонобод шаҳарчаси ҳудудида иш бошлади. Тикув фабрикаси учун «Ўзбекпахтасаноат» акциядорлик жамияти томонидан махсус тикув фабрикаси учун барпо этилган ушбу бинони андижонлик тадбиркор Улуғбек Исаков 5 йил давомида фойдаланиб, топилган соф даромад ҳисобидан сотиб олиш шарти билан фаолиятини бошлади.

«Мисс миледи» фирмаси қошида ташкил этилган тикув фабрикасига барчаси хорижда ишлаб чиқарилган 160 дан ортиқ тикув машинкаси, 6 дона махсус дазмол, жами 10 дона 3 турдаги махсус ҳажм ва бичимлардаги кесиш дастгоҳлари олиб келиб ўрнатилди.

– Ҳозирча, бир кеча-кундузда меҳнат қилиш учун 220 нафар шу туманда истиқомат қилаётган тикувчилик малакасига эга аёллар имтиҳон асосида ишга қабул қилинди, – дейди тикув фабрикаси директори Нигора Обидова. – Бир ой нари-берисида тикувчилик, бичувчилик, кесувчилик, дазмол талаблари бўйича белгиланган имтиҳонларимиздан ўтган яна 220 нафар, шу туманда истиқомат қилувчи, кам таъминланган, камбағаллик даражасидаги ишга лаёқатли оила аъзоларини, банд бўлмаган хотин-қизларини ишга олишни режалаштирганмиз.

Фото: Фурқат ТОШМАТОВ / ЎзА

Ушбу корхонада ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар 100 фоиз Россия, Украина ва Қозоғистон давлатларига экспорт қилиниши мўлжалланган. Умумий майдони 25 сотихлик фирмага тегишли бўлган қурилишдан ташқари майдонга экилган турли қишлоқ хўжалик хўжалик маҳсулотлари – бодринг, помидор, картошка, пиёз, сабзи, бақлажон, хуллас, булғор гаримдорисидан қалампиргача экин маҳсулотлари барқ уриб яшнаб турибди. Бу маҳсулотлар корхона қошида ташкил этилган 100 ўринли ошхонада, шу ерда меҳнат қилаётганлар истеъмолига йўналтирилади.

Эътиборлиси, хорижникидан кўп жиҳатлари билан бир қатор афзалликларга эга бўлган тўқув ва пойабзал ишлаб чиқариш цехлари учун барча зарур жиҳоз, асбоб-ускуналар Андижондаги энг замонавий фирмалар томонидан яратилганидадир.

Шу ўринда, туманда шу каби яна иккита фирма ўз фаолиятини бошлаш арафасида. Ушбу тикув фабрикалари ҳам бугун-эрта ўз фаолиятини бошлайди. Демак яна минг нафардан ортиқроқ гулистонликлар янги иш ўрнига эга бўлади, шунча кишининг оилавий бюджетига қўшимча даромад келади, шунча оиланинг қора қазони қайнайди.

Энг муҳими, давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар самарасида иш билан таъминланган минглаб кишиларнинг оилаларида иқтисодий танглик юзага келмайди. Ишлаган одамнинг дастурхони эса ҳамиша тўкин бўлади.

А.ҚАЮМОВ, Ф.ТОШМАТОВ (сурат), ЎзА

Report Page