“Сени куйлаймиз замондош”кўрик-фестивали шукуҳи: Сирдарё вилоят мусиқали драма театри ижодкорлари Қорақалпоғистонда

“Сени куйлаймиз замондош”кўрик-фестивали шукуҳи: Сирдарё вилоят мусиқали драма театри ижодкорлари Қорақалпоғистонда

@Sirdaryo
Фото: Бекмурод Бардош / Telegram

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан 10 – 16 июнь кунлари “Сени куйлаймиз замондош” V Республика театрларининг кўрик-фестивали ўтказилмоқда. Мазкур кўрик-фестивалда Сирдарё вилоят мусиқали драма театрининг бир гуруҳ ижодий жамоаси Максим Каримов қаламига мансуб “Инсонликка номзод” (публицистик драма) спектакли билан иштирок этмоқда. Айни дамда фестиваль қайноқ палласига етиб келган, десак янглишмаган бўламиз.

Фото: Бекмурод Бардош / Telegram

10 июнь куни қорақалпоқ эли, Нукус шаҳри нафақат республикамизда, жаҳон миқёсида таниқли бўлган устоз, дарға санъат намояндалари билан гавжум бўлди. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигидан ташриф буюрган бир қатор вакиллардан тортиб пойтахт ва республикамиз бўйлаб барча вилоятлардан келган театр санъати ижодкорларини мезбонлар алоҳида тараддуд ила тантанали равишда кутиб олди. Меҳмонлар орасида, албатта, Сирдарё театри ижодкорларига ҳам хушкайфият билан чуқур эҳтиром кўрсатилиб белгиланган манзил сари йўл кўрсатилди. Барчанинг юзидаги мамнуният ва хурсандчиликнинг чеки йўқ. Ушбу қувончли лаҳзалар Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида ўтказилган кўрик-фестивалнинг тантанали очилиш маросимига уланиб кетди.

Фото: Бекмурод Бардош / Telegram

Доим изланишдан тўхтамас Сирдарё театри ижодкорлари ҳар бир вақтдан унумли фойдаланишга одатланган. Шу боис, улар эртасига ўша машҳур Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси Давлат Санъат музейига саёҳат уюштиришди. Музейни айланган ҳамкасбларимиз олам-олам таассурот олиб, сирли бир дунёни кашф қилишгандай бўлди. Хусусан, музейда Қорақалпоғистоннинг бутун ўтмиши, маданий мероси, қадим анъаналари, урф-одатлари, ҳунармандчилигидан тортиб яшаш тарзигача бўлган ҳаётни акс эттирувчи ашёвий экспонатлар жой олган. Шулар билан бирга ҳамкасблар дунёнинг машҳур мусаввирлари ижодидан намуналар, асл нусхалар, ҳайкалтарошлик, ганжкорлик билан ўша давр қурол ясаш сирларини очиб берувчи лавҳаю ноёб топилмалар ҳақида батафсил маълумот ва тасаввурга эга бўлишди.

Фото: Бекмурод Бардош / Telegram

Маданият вазирлигининг ташаббуси билан фестивалда иштирок этаётган ҳар бир театр ижодкорлари томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг барча туманларида аҳоли учун бепул спектакллар намойиши ҳам бўлиб ўтмоқда. Вилоятимиз театри ижодий жамоаси томонидан Нурулло Аббосхон асари “Инсон ўзинг...” спектакли Чимбой туманида томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.

Фото: Бекмурод Бардош / Telegram

13 июнь куни эрта тонгдан туман марказига келган ижодкорлар кун режасидаги ишни дастлаб Бердақ мақбарасини зиёрат қилишдан бошлади. Сўнгра Ўзбекистон ва Қорақалпоқ халқ шоири Ибройим Юсупов уй-музейини саёҳат қилиб, Қорақалпоқ ҳажвий қаҳрамони Умрбек лаққи ҳайкали пойида жам бўлишди. Кўплаб олиму шоирлар, бахшию полвонлар юрти бўлган Чимбой тумани ҳоким ўринбосари фестиваль доирасида ўтказилаётган ушбу тадбирлардан кўзланган мақсад ва моҳияти хусусида тушунча бериб ўтгач, барчани спектакль томоша қилишга таклиф этди.

Фото: Бекмурод Бардош / Telegram

Бир сўз билан айтганда, бугунги кун Сирдарё вилоят театри жамоаси учун ажойиб кун бўлди. Асосийси, ватандошларимиз, қорақалпоқ эли ижодкорлар ижро этган спектаклдан жуда мамнун эди. Биз эса ҳамкасбларимизни ҳали олдинда кутиб турган, фестиваль учун 15 июн куни ўйналувчи “Инсонликка номзод” спектакли ижросида уларга куч-қувват ва омадлар тилаб қоламиз.

Бекмурод Бардош,
театр адабий бўлими мудири

Report Page