"Ташаббуслар ҳудудимиз равнақига хизмат қилади"

"Ташаббуслар ҳудудимиз равнақига хизмат қилади"

@Sirdaryo
Фото: Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси

Яқинда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Сирдарё вилоят кенгашининг навбатдан ташқари кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтган, унда ташкилий масала кўрилган эди. Йиғилишда партия Сирдарё вилоят кенгаши фаолияти танқидий таҳлил қилиниб, партия ташкилотлари амалга оширган ишлар, камчиликлар, фойдаланилмаган имкониятларга эътибор қаратилди. Амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар, вазифалар белгиланди.

Партия вилоят кенгаши раиси Норбобо СОАТОВ билан суҳбатимиз кенгайтирилган йиғилишдан чиқарилган хулосалар, кенгаш фаолияти хусусида бўлди.

— Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 19 февраль куни Сирдарёга ташрифи чоғида фаоллар билан учрашувда “энг катта фожеа бу — илмсизлик” эканини таъкидлаб, вилоятда ёшлар орасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш орқали маънавият ва маданиятни ошириш таклифини илгари сурган эди...

— Мамлакатимизда изчил давом эттирилаётган ислоҳотлар самараси жойларда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, рўй бераётган ўзгариш ва янгиликларда янада ёрқин намоён бўлмоқда. Худди шундай давлатимиз раҳбарининг бу галги ташрифи ҳам барча соҳада ўзгаришларга туртки бўлди, истиқбол учун янги йўллар, қирраларни очиб берди.

Эътибор қаратинг, Президентимиз деярли ҳар бир чиқишида бундан кейин ёшларга муносиб таълим бериш, уларнинг илм-фанга бўлган интилишларини рўёбга чиқариш мақсадида мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, умумтаълим мактаблари ва олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини, илмий ва ўқув жараёнлари сифатини тубдан яхшилаш вазифасини қўяди. Худди шундай вилоят фаоллари билан бўлган йиғилишда партиямиз сайловолди Платформасида назарда тутилган маънавият, маданият, илм-фан, таълим-тарбия масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, вилоятдаги мавжуд умумтаълим муассасаларининг аҳволи жуда оғирлиги, 301 мактабдан атиги 7 таси Интернетга улангани, бу эса жуда ҳам ачинарли ҳолат эканлиги қайд этилди. Шунингдек, хотин-қизларни иш билан таъминлаш, оғир вазиятга тушиб қолган аёлларга ёрдам бериш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, хотин-қизлар банд­лигини таъминлаш мақсадида вилоятнинг 8 та туманида тикувчилик мажмуаси, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун эса бепул спорт тўгаракларини ташкил қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Президентимиз ёшларни китоб мутолааси, мусиқа ва санъатга қизиқтириш мақсадида мутасадди идоралар барча куч-имкониятни ишга солиши лозимлигини таъкидлади, бунинг учун мактабларда шанба-якшанба кунлари “Маданият куни” деб эълон қилинишини зиммамизга вазифа қилиб қўйди. Аҳолининг мусиқа ва санъатга бўлган эътиборини янада кучайтириш мақсадида вилоятнинг ҳар бир туман ва шаҳрига Ўзбекистон халқ ва хизмат кўрсатган артистларини бириктириш зарурлиги таъкидланди, Боёвут туманида бу ишларни намуна сифатида ташкил этиш вазифаси топширилди.

Айни пайтда, бу борада барча масъуллар ўзларига аниқ мақсад ва вазифаларни белгилаб олган. Бу йўлда барчамиз бир ёқадан бош чиқариб ишласак, ҳар қандай маррани албатта, забт этамиз.

— Давлатимиз раҳбари қўйган ана шу вазифалар ижросини таъминлаш бўйича партия вилоят кенгаши ва унинг қуйи ташкилотлари томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?  

— Давлатимиз раҳбарининг маънавият ва маданият соҳасидаги танқидий фикрларидан келиб чиқиб, тизимда амалга ошириладиган ишларни қайта кўриб чиқдик. Белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиш, шунингдек, партиянинг дастурий мақсадларидан келиб чиққан ҳолда “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, аниқ вазифалар белгиланди, бажарилиш муддати кўрсатилиб, масъул шахслар тайинланган. Партия вилоят кенгаши томонидан биринчи чорак якунлари бўйича муайян ишлар амалга оширилди. Буни аҳоли билан мунтазам мулоқотда бўлишга, бунда вакиллик органларига партиямиздан сайланган депутатлар ҳамда партия ташкилотларининг фаоллигини янада оширишга эътибор қаратилганида ҳам кўриш мумкин.

Партия вилоят кенгаши ташаббуси билан ЎзМТДП Марказий кенгаши ҳамда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари иштирокида “Олиб борилаётган ислоҳотларни янада жадаллаштириш жараёнига муносиб ҳисса қўшиш фаолиятимиз дастуриламали” мавзусида давра суҳбатлари ташкил этилди.

Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйи­ча 5 та муҳим ташаббусни илгари сурган, ана шу эзгу ғоя Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи чоғида бошланиб, қисқа вақтда салмоқли ишлар амалга оширилди. Ушбу ишларга кўмакдош бўлиш ҳамда партиянинг сайловолди Платформасида белгиланган камол топиб келаётган авлодни, биринчи навбатда, китобга муҳаббат ва ҳурмат-эҳтиром руҳида тарбиялаш, уларда матбаачилик маҳсулотларига қизиқишни янада кучайтириш мақсадида қатор лойи­ҳалар ва акциялар, китобхонлик, китоб тарғиботида ибратли ташаббуслар ҳам бор. Масалан, қуйи ташкилотлар ташаббуси билан барча туманларда “Энг яхши китобхон” танлови ўтказилди. Китобхон ўқувчилар ўзи ўқиётган мактаб кутубхонасини тарғиб қилиш, мутолаа қилган бадиий китобларини таърифлаш, ёзувчи ва шоирлар ижодидан берилган саволларга жавоб бериши асосида бир-бирлари билан ўртоқлашди, билимларини синовдан ўтказди.

Шунингдек, хотин-қизларнинг китоб мутолаасига бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида “Китобхон аёл” кўрик-танлови ташкил қилинди. Танловда вилоят Ахборот-ресурс марказига аъзо бўлган 10 мингга яқин китобхон орасидан энг кўп китоб ўқиган аёллар саралаб олинди ва улар “Таништириш”, “Ўзбек адабиёти билимдони”, “Жаҳон адабиёти билимдони” каби шартлар бўйича ўзаро беллашди.

ЎзМТДП Марказий кенгаши анъанавий тарзда ўтказиб келаётган “XXI аср аёли” кўрик-танловининг 2018 йилдаги республика босқичи ғолиби сирдарёлик Гавҳар Ҳусанова ўзининг бизнес лойиҳаси асосида оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиб, 8 сотих ер майдонида шахсий маблағи ҳамда банкнинг 900 миллион сўм кредити ҳисобига яқинда икки қаватли кутубхона қурдирди. Кутубхонада чекка бир қишлоқнинг уюшмаган ёшлари илм, маънавий озуқа олишлари учун кенг ўқув зали, мусиқа ва санъат мактаби филиали, савдо дўкони, компьютер хизмати, тикувчилик цехи, эркаклар ва аёллар сартарошхонаси фаолияти йўлга қўйилди. Энг асосийси, 10 киши иш билан таъминланди.

Бугун Сирдарё вилоятида 15 та мусиқа ва санъат мактаби фаолият юритяпти. ЎзМТДП сайловолди Платформасидан келиб чиққан ҳолда мактаблар тўла ўрганилди. Аниқланишича, мактабларнинг деярли барчасида мутахассислар етишмайди, ноталар тўплами, мусиқа асбоблари ва жиҳозлар билан етарли даражада таъминланмаган. Айни пайтда партия вилоят кенгаши ҳамкор ташкилотлар билан бирга ушбу камчиликларни бартараф этиш чораларини кўрмоқда.

— Партиянинг “Уйма-уй”, “Хизмат — беминнат” лойиҳалари аҳоли муаммоларини ўрганиш, уларнинг мурожаатларига ечим топиш, ишга жойлаштириш, кам таъминланган оила вакилларини бепул ўқув курсларда ўқитишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Бу борадаги ишлар кўлами қандай?

— Биринчи чорак якунлари бўйича партиянинг вилоят ва туман ташкилотлари “Уйма-уй” лойиҳаси доирасида 472 та хонадондаги реал аҳволни ўрганди. Аҳолини қийнаб келаётган кўплаб ижтимоий муаммолар ҳал қилинди. Жумладан, 17 нафар хотин-қиз ишга жойлаштирилди, икки нафар фуқаронинг кредит масаласи ижобий ҳал этилди, жарроҳлик операцияси учун бир неча фуқарога имтиёзли равишда ордер олиб берилди. Мурожаатлар бўйича 34та масала ижобий ҳал этилди.

“Хизмат — беминнат” лойиҳаси доирасида вилоятда “Ёшлар ва Аёллар қаноти” жами 34 та бепул ўқув курси ташкил қилди, унда жами 165 нафар фуқаро иштирок этмоқда. Уларнинг 52 нафарини уюшмаган ёшлар ва хотин-қизлар ташкил қилади.

— Сирдарёда тарихий-маданий мерос объектлари, туризм салоҳияти бошқа ҳудудларга қараганда нисбатан камдай туюлади. Аммо вилоятда мавжудларидан ташқари ҳали кашф этилмаган тарих сир-синоатларига бой манбалар сероб. Уларни тадқиқ этиш, ўрганиш, тарғиб қилиш ва асраб-авайлаш борасида қандай ишлар қилинмоқда?

— Сирдарё қадимдан худди ҳозиргидек ҳудудлараро кўприк вазифасини ўтаб келган.  Вилоятнинг катта қисми ўрта асрларда чўлдан иборат бўлгани боис работлар, карвонсарой, қалъа-қўрғон ва шаҳарлар бунёд этилган. Ўзбекистон Фанлар академияси Археология институтининг “Сирдарё вилоятидаги археологик ёдгорликлар” номли монографиясида вилоятдаги 120 дан зиёд маданий мерос объекти хусусида маълумотлар мавжуд.

Партия вилоят кенгаши ўтган йилнинг сентябрь-ноябрь ойларида Сирдарёдаги моддий маданий мерос объектларини хатловдан ўтказиш жараёнда фаол иштирок этди. Бунинг натижасида бугунги кунда вилоятда давлат муҳофазасига олинган 75та моддий маданий мерос объекти борлиги аниқланди. Афсуски, уларни сақлаш, муҳофаза қилиш, таъмирлаш, атрофини ободонлаштириш, чегара ва муҳофаза ҳудудларини белгилаш, кадастр рўйхатидан ўтказиш борасида анча муаммо ва камчиликлар бор экан. Уларни бартараф этиш бўйича халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашлари сессияларига масалалар киритилди, қарорлар қабул қилинди. Улардан айримлари тўла ижро қилинган. Партия кенгашлари ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари, мутасадди идоралар эътиборсизлиги сабаб ижро қилинмаётганлари ҳам бор.

ЎзМТДП вилоят фаоллари Гулистон туманида ички туризмни ривожлантириш мақсадида Сирдарё дарёси бўйида замонавий дам олиш масканлари ташкил этиш масаласи юзасидан тегишли идораларга мурожаат киритган ва бу масала ўрганилиб, хулоса тайёрланмоқда. Агар бу масала ижобий ҳал қилинса, Сирдарё бўйида ҳам замонавий дам олиш масканлари барпо этилади.

— Вилоятда партия фаолиятини жонлантириш учун нималар қилиш керак деб ҳисоблайсиз? Чунки айрим туман кенгашлари фаолияти талаб даражасида эмаслиги ҳам бор гап...

— Бугунги замоннинг ўзи жамиятдан аниқ мақсадлар йўлида қатъий ва тезкор қарорлар қабул қилишни талаб этмоқда. Чунки илгари қайси соҳада бўлмасин, бугунгидай шитоб бўлмаган, ўзгаришлар бунчалик тез кечмаган. Шу маънода партиянинг айрим туман кенгашлари фаолияти бугун амалга оширилаётган ислоҳотлар талабига жавоб бермаётгани таассуфланарли. Шунинг учун кенгайтирилган йиғилишда партия вилоят кенгаши фаолиятини билдирилган танқидий фикр-мулоҳазалардан келиб чиқиб таҳлил қилдик. Ҳукуматимиз томонидан халқ манфаати йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда шунчаки кузатувчи бўлиб, “куним ўтса бўлди-да” қабилида ишлаётган, Марказий ва вилоят кенгашлари топшириқларини тўла бажармаётган туман кенгашлари билан алоҳида режа асосида ишлаяпмиз.

Партиянинг қуйи ташкилотлари билан маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлар ҳамкорлигини қайтадан кўриб чиқдик ва ўзаро алоқаларни кенгайтириш бўйича топшириқлар бердик. Ачинарлиси айрим туман кенгашлари ўз ҳудудидаги депутатлар фаолиятидан мутлақо бехабар. Ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилмагани натижасида қилинаётган ишлар кутилган самараларни бермаяпти.    

Партия дастурий мақсадларини тарғибот-ташвиқот қилишни янада кучайтириш, бунинг учун бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини жонлантириш бўйича режалар ишлаб чиқдик. Кўриб турибсиз, фуқароларимизнинг партияларга, ундан сайланган депутатларга бўлган талаби кун сайин кучаймоқда. Шу юрт, шу халқ келажаги учун ўзини масъул билган ҳар бир шахс "давлат менга нима қилиб берди?" қабилида эмас, "шунча ёшга кириб мен давлат учун нима қилдим?" деган ўй ва мақсадда фаолият юритиши лозим. Шундагина мақсадларга тез эришамиз, қилаётган ҳаракатларимизда унум, барака бўлади.

“Milliy tiklanish”мухбири Равшан МАҲМУДОВ суҳбатлашди

Report Page