АДЛИЯ ВАЗИРИ РАҲБАРЛИГИДА РЕСПУБЛИКА ИШЧИ ГУРУҲИ ТАДБИРКОРЛАР БИЛАН УЧРАШДИ

АДЛИЯ ВАЗИРИ РАҲБАРЛИГИДА РЕСПУБЛИКА ИШЧИ ГУРУҲИ ТАДБИРКОРЛАР БИЛАН УЧРАШДИ

Sirdaryo Xabarlari
Фото: Сирдарё вилоят адлия бошқармаси

2019 йил 14 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони имзоланди.

Тадбиркорларнинг, шу жумладан, чет эллик инвесторларнинг мурожаатлари билан ишлашни ташкил этиш сифати ва тезкорлигини ошириш, улар билан очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқотни таъминлаш, уларнинг қонуний талабларини амалий ва самарали рўёбга чиқариш ва муаммоли масалаларни ҳал этиш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига реал ҳиссани кўпайтириш, аҳолининг иш билан бандлигини ошириш ва унинг моддий фаровонлигини ўстириш мазкур Фармоннинг асосий мақсади ҳисобланади.

Фото: Сирдарё вилоят адлия бошқармаси

 Шунингдек, Фармон билан Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ҳамда Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибияти ташкил этилиб, улар фаолиятининг асосий йўналишлари белгилаб берилди.

Фото: Сирдарё вилоят адлия бошқармаси

 Шундан келиб чиқиб, ишчи гуруҳи томонидан ўн минг нафардан ортиқ тадбиркорлик субъектлари билан учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.

  Фармоннинг мазмун ва моҳиятини жойларда кенг тушунтириш бўйича адлия вазири Р.Давлетов раҳбарлигида ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи томонидан жорий йилнинг 13 июнь куни Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳри ва Ховос туманида учрашувлар ташкил этилди.

Фото: Сирдарё вилоят адлия бошқармаси

 Ўтказилган учрашувларда 600 нафардан ортиқ тадбиркорлик субъектлари ва чет эл инвесторлари иштирок этишди. Улардан 200 га яқин мурожаатлар келиб тушди.

Мазкур мурожаатларда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга ер участкаси ва кредит ажратиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, бузилган иморатларга нисбатан компенсация тўловларини ундириш ҳамда божхона ва солиқ тўловлари билан боғлиқ масалалар кўтарилди.

Мурожаатларни кўриб чиқиш давомида вазирликлар, идоралар, хўжалик бошқаруви органлари ва тижорат банкларининг фаолиятига бевосита тааллуқли бўлган айрим муаммолар жойида ҳал этилди.

Фото: Сирдарё вилоят адлия бошқармаси

-        Менинг Гулистон шаҳар ҳудудидаги иккита дўконим бузилган, лекин улар учун компенсация тўлови амалга оширилмаётган эди, - дейди тадбиркор Г.Ўлмасова. – Учрашувда ушбу муаммо юзасидан мурожаатим қаноатлантирилди, тегишли ташкилотларга ўн кун муддат ичида тўловни амалга оширишга топшириқ берилди. 

Фото: Сирдарё вилоят адлия бошқармаси

 Шунингдек, жойида ҳал этиш имконияти бўлмаган муаммо ва камчиликларни туман (шаҳар) ва вилоят даражасида ҳал қилиш юзасидан қисқа ва ўрта муддатли тадбирлар режалари шакллантирилиб, мутасадди вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.

 Шу билан бирга, Республика ишчи гуруҳининг жойларда ўтказилган учрашувлари давомида тадбиркорлик субъектлари ўзларининг қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар олишди.

Фото: Сирдарё вилоят адлия бошқармаси

-Айтиш жоизки, тадбиркорлик субъектлари Фармон билан Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ҳамда Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этилаётганини қувонч билан қарши олдилар, - дейди вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Иномжон Қудратов. – Ушбу қабулхоналар ишлаш принциплари билан қизиқишди, ўз муаммо ва ютуқлари билан ўртоқлашдилар. Учрашувлар кутилгандан кўра жонли ва мунозараларга бой ўтди.

 Эртага худди шундай учрашувларни вилоятимизнинг Оқолтин ва Сирдарё туманлари ҳудудларида ўтказилиши режалаштирилган.

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси матбуот хизмати

Report Page