Сардобада 85 та инвестицион лойиҳа амалга оширилади

Сардобада 85 та инвестицион лойиҳа амалга оширилади

@Sirdaryo
Фото: «Xabar.uz»

«Ўзсаноатқурилишбанк»ка бириктирилган Сардоба туманида 11 та тижорат банки томонидан жами 85 та инвестицион лойиҳа амалга оширилади, дейилади «Xabar.uz» хабарида.

Жорий йилнинг 1 май куни Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши натижасида ёндош туманларни сув босиб, кўплаб аҳоли турар жойлари, ижтимоий объектлар, экин майдонлари ҳамда йўл ва коммуникация тармоқларига катта зарар етди.

Айни пайтда республикамиздаги вазирлик ва идоралар, вилоят ҳокимликлари, турли муассасалар, қолаверса, халқимиз орасидан чиққан минглаб кўнгиллилар кучи билан талофат оқибатларини жадаллик билан бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

«Ўзсаноатқурилишбанк»ка бириктирилган Сардоба туманида тижорат банклари томонидан 2020-2021 йиллар давомида ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини тиклашга қаратилган саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш каби соҳаларига доир умумий ҳажми 342,1 млрд. сўмга тенг 85 та лойиҳани ишга тушириб, уч мингга яқин иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Қолаверса, «Ўзсаноатқурилишбанк» томонидан Сардоба туманида умумий қиймати 61,5 млрд. сўмлик тўртта лойиҳа амалга оширилмоқда. Жумладан, «Sardoba Oqsaroy Tekstil» корхонасига тегишли тикув трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳаси бўлиб, объектни қуриш ва жиҳозлашга Ўзсаноатқурилишбанк молиявий мадад бўлмоқда. Корхонанинг ишга туширилиши натижасида 500 та янги иш ўрни яратилади.

Эътиборлиси, корхона тўла қувватда ишга тушганда тайёр трикотаж ва хом ашё матолар нафақат маҳаллий бозорга етказиб берилади, балки уларнинг 3,3 млн. АҚШ долларилик қисми чет давлатларга ҳам экспорт қилинади.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 13 ноябрдаги «Паррандачиликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Банк томонидан Сардоба туманида паррандачилик соҳасини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Ушбу йўналишда 2020-2021 йилларда жами миқдори 40,5 млрд. сўмлик учта лойиҳанинг амалга оширилиши мўлжалланган.

Улардан бири «Пахтаобод инвест парранда» корхонаси ташаббускорлигида ишга туширилиб, натижада туман аҳолисининг 450 нафари иш билан таъминланиши ҳамда йилига аҳоли дастурхонига минг тоннадан зиёд парранда гўшти етказиб берилиши кўзда тутилган.

Банк томонидан кредитлаш билан чегараланиб қолмасдан аҳолига тадбиркорлик сиру асрорларини ўргатиш бўйича ҳам ишлар бошлаб юборилган.

Мухтасар айтганда, Сардоба туманида амалга оширилаётган мазкур лойиҳалар ҳудуднинг тикланиши, сардобаликларнинг аввалгиданда яхшироқ ҳаёт кечиришларига муносиб ҳисса қўшади.

Report Page