Камбағалликни қисқартириш ва оғир ижтимоий вазиятдаги хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш юзасидан амалий ишлар қилинмоқда
@SirdaryoБоёвут туманида камбағалликни қисқартириш чораси сифатида Президентимизнинг таъбири билан айтганда ушбу қатламнинг қўлига балиқ эмас қармоқ бериш ишлари бошлаб юборилди.
Хусусан, бугун вилоят прокурори Равшан Машарипов ва туман ҳокими Дилфуза Уралова хотин-қизлар билан учрашди. Унда 11 нафар хотин-қизларга жамоат ишига қабул қилинганлик тўғрисидаги буйруқ ва 6 нафарига меҳнат дафтарчаси топширилди.
Учрашув давомида тижорат банклари, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази мутахассилари томонидан хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларни даромадини ошириш юзасидан яратилган шарт-шароитлар, ажратилаётган имтиёзли кредитлар хусусида тўлиқ тушунча берилди.
Шунингдек, учрашув қатнашчиларини қийнаётган муаммолар, қизиқтирган саволларига тегишли мутасаддилар жавоб беришди.
Ундан ташқари учрашув доирасида таъминотчи корхоналарнинг маҳсулотлари, чорва ва бошқа техникалар кўргазмаси ҳам ташкил қилинди.
Учрашув сўнгида 47 нафар оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларнинг муаммолари яккама-якка суҳбат ўтказиш йўли билан аниқланиб, “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Ушбу “йўл харитаси”нинг ижроси эса туман ҳокимлиги ва вилоят прокуратураси томонидан доимий назорат олиниб, мониторинг қилиб борилади.
Боёвут тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати