Сирдарё театри ижодкорларидан “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни”га ажойиб туҳфа

Сирдарё театри ижодкорларидан “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни”га ажойиб туҳфа

Sirdaryo Xabarlari
Фото: Бекмурод Бардош / Telegram

Мамлакатимизда 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни байрам тарзида кенг нишонланмоқда. Сирдарё вилоят мусиқали драма театри ижодкорлари ҳам ўзларининг муносиб байрам томошаси билан болажонларга хизмат кўрсатди. Шу йилнинг 31 май куни Гулистон шаҳар “Дўстлик” қўрғони маданият маркази томоша залида Сирожиддин Рустам асари “Ким аълочи” эртак-спектаклини намойиш этишди.

Фото: Бекмурод Бардош / Telegram

Бугун – 1 июнь куни эса Ширин шаҳридаги Сирдарё иссиқлик электр таъминоти акциядорлик жамиятининг касаба уюшма қўмитаси томонидан ташкиллаштирган байрам тадбири ҳам катта тантанага айланиб кетди. Мазкур касаба уюшма қўмитаси вакиллари ташкилот ходимларининг ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандлари учун вилоят театрининг ижодкорлари билан ҳамкорликда туҳфа ҳозирлашди. Театр ижодкорлари “Ким аълочи” спектаклини мўъжизавий эртак қаҳрамонлари қиёфасида қизиқарли тарзда намойиш этишди. Ушбу томоша Ширин шаҳридаги Болалар мусиқа ва санъат мактабининг томоша залида бўлиб ўтди. Спектаклдан сўнг кичик томошабинлар томоша залидан чиқар экан, қалби қувончга тўлиб, юз-кўзида мамнуният уфуриб турар эди.

Фото: Бекмурод Бардош / Telegram

– Бу йилги “Халқаро болалар куни”ни ўғлим Илёсбек ва унинг дўстлари билан бу қадар байрамона тарзда ўтказамиз деб ҳеч кутмагандим, – дейди томошабинлардан Мавлуда Йўлдошева. – Тўғриси, ўғлим 9 ёшга кирган бўлса, шу пайтгача ҳали театр актёрлари ижросидаги бундай спектакль ва томошаларни кўрмаган эди. Биринчи бор бирга томоша қилдик. Қани, иложи бўлса, шундай томошаларни бугунгидай фақат байрам кунлари эмас, доимо томоша қилиб турсак.

Фото: Бекмурод Бардош / Telegram

Вилоятимиз драма театри ижодкорлари тез-тез шаҳримизга келиб туришса, улар намойиш қилган санъат асарларини биз бажонидил томоша қиламиз. Улардан янги спектакллар кутиб қоламиз.

Бекмурод Бардош,
театр адабий бўлими мудири

Report Page