Фарғонада қалбаки “Coca-Cola”, “Pepsi” ишлаб чиқарувчилар ушланди

Фарғонада қалбаки “Coca-Cola”, “Pepsi” ишлаб чиқарувчилар ушланди

Sirdaryo Xabarlari
Фото: ЎзА

Фарғонада “Coca-Cola”, “Pepsi” савдо белгисидаги ичимликларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланган “уддабурон тадбиркор” қўлга тушди деб ЎзА хабар бермоқда.

Мамлакатимизда бугунги кунда аҳолининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун катта имкониятлар яратилган. Шундай бўлса-да, баъзилар осонгина пул топишни ўйлаб, ноқонуний ишларга қўл уришмоқда. Марғилон шаҳрида яшовчи Ҳабибулло Усмонов ҳам шундай йўл тутди.

У ўзининг ертўласида яширин равишда цех ташкил этиб, белгиланган тартибда тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан, ҳеч қандай ҳужжатларсиз, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган “Coca-Cola”, “Fanta”, “Pepsi” савдо белгисидаги ичимликларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланиб келган. Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Фарғона вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тадбирда унинг ноқонуний фаолияти фош бўлди.

Ундан 65 дона 1,5 литр ва 2 дона 1 литр сиғимли идишлардаги “Pepsi”, 26 дона 1,5 литр ва 1 дона 1 литр сиғимли идишлардаги “Fanta”, 14 дона 1,5 литр сиғимли идишлардаги “Coca- Cola” номли ичимликлар, 2 дона кислород баллони, 658 дона елим қопқоқ, 10 дона қадоқлаш целофан пакети ва 500 дона бўш елим идишлар ашёвий далил тариқасида олинган.

Фарғона вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати марказининг хулосасига кўра, ашёвий далил тариқасида олинган ичимликлари истеъмолчилар ҳаёти ва соғлиги хавфсизлиги талабларига жавоб бермаслиги аниқланган.

Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар судининг сайёр суд мажлисида Ҳ. Усмоновнинг жиноят иши кўриб чиқилиб, унга тегишли жазо тайинланди.

Report Page