“OzLiDeP, ёшлар, китоб ва маънавият” акцияси давом этмоқда

“OzLiDeP, ёшлар, китоб ва маънавият” акцияси давом этмоқда

Sirdaryo Xabarlari
Фото: Дилором ЭСОНОВА /Telegram

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан китобхонлик маданиятини ошириш, ёшларимизни мутолаага жалб этиш борасидаги саъйи ҳаракатлар бутун жамоатчилик томонидан тўла қўллаб - қувватланмоқда. Ўзбекистон Либерал демократик партияси фаоллари ҳам бундай хайрли ишлардан четда қолмаяпти. Китоб тарғиботига бўлган ана шундай тадбирлардан бири Сардоба туманидаги 9-Болалар мусиқа ва санъат мактаби биносида  OzLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши мафкуравий, тарғибот-ташвиқот ишлари бўлими томонидан ўтказилди.

Фото: Дилором ЭСОНОВА /Telegram

“OzLiDep, ёшлар, китоб ва маънавият” акцияси  деб номланган тадбирда тумандаги 6, 12, 14, 21-умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари ва ўқитувчилари , туман Кенгаши масъул ходимлари, халқ таълими бўлими, Ёшлар иттифоқи вакиллари қатнашди. 300 нафарга яқин ёшларнинг иштироки таъминланган акция  ҳақиқий билимдонлар байрамига айланиб кетди.

Фото: Дилором ЭСОНОВА /Telegram

Тадбирда ўқувчи ёшлар ўзлари севиб ўқиган асарлари ҳақида фикр юритдилар, ёд олган шеърларидан намуналар ўқишди, китоб билан дўст бўлишнинг нечоғлик фойдали ва айни чоғда завқли эканлиги тўғрисида сўзлаб беришди.

Вилоятнинг энг чекка ҳудуди Сардобада арзонлаштирилган китоблар савдосининг ташкил этилганлиги иштирокчиларни мамнун этди.     

-Кейинги вақтда ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишлари бироз пасайгани рост,- деди вилоят партия кенгаши мафкуравий тарғибот-ташвиқот ишлари бўлими мудири Дилшод Тўрақулов. - Аммо, инсоннинг онгу тафаккурини чархлаш, маънавий оламини бойитиш, эзгуликни тарғиб этишда китобнинг ўрни ва қадр-қимматини ҳеч нарсага тенглаб бўлмайди.

Фото: Дилором ЭСОНОВА /Telegram

Тадбир сўнгида акцияда фаоллик кўрсатган йигит-қизларга тадбир ташкилотчиларининг Фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Шунингдек, Боёвут тумани “Марказ” маҳаласида ҳам ташкил этилган “OzLiDeP, ёшлар, китоб ва маънавият” акцияси”да 42-умумтаълим мактабининг 9, 10, 11- синф ўқувчилари қатнашди. Бешта ташаббуснинг бири сифатида ташкил этилган мазкур тадбирда йигит-қизлар  китобхонлик, ҳунармандчилик, тасвирий санъат, спорт ва ошпазлик йўналишларида ўз иқтидор ва маҳоратларини кўрсатишди.

Акция доирасида ташкил этилган беллашувда ғолиб чиққан ўн нафар ўқувчи партия вилоят Кенгашининг Фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

- Китоб фарзандларимиз қўлига қайтди,- деди OzLiDeP Боёвут туман Кенгаши аппарт раҳбари Манзура Додаева.- Бугунги кунда аксарият ота-оналар фарзандларига қимматибаҳо совға эмас, балки, маънавият булоғи  - китоб совға қилишга одатланишди. Бу ҳам бўлса ҳар бир хонадонда, оилада китобга бўлган эътибор, қизиқиш ортиб бораётганидан далолат беради.

Қизиқарли, савол-жавоб ва турли ўйинларга бой  ўтган акцияда фаол  ёшларга китоб ва қўлланмалар тақдим этилди.

Бундай акциялар маҳаллаларда, вилоятнинг чекка-чекка ҳудудларида ҳам давом этмоқда.

Дилором ЭСОНОВА,

O'zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши бўлим мудири

Report Page