Журналистларга босим ўтказган ИИБнинг икки мансабдори (бири сирдарёлик) жазога тортилади — Бош прокуратура

Журналистларга босим ўтказган ИИБнинг икки мансабдори (бири сирдарёлик) жазога тортилади — Бош прокуратура

@Sirdaryo
Фото: «Xabar.uz»

Апрель ойи охири ва майнинг бошида Human.uz сайти журналистлари кетма-кет ички ишлар органлари ходимларининг босим ва тазйиқларига учрагани хабари берилганди.

Аввалига сайт бош муҳаррири Хуршид Далиев тадбиркорнинг интенсив боғи атрофига ўрнатилган тўсиқ суд қарорисиз, мутасаддилар буйруғи билан бузилаётгани ҳақидаги мурожаатни ўрганиш чоғида Тошкент тумани ИИБ мансабдорларининг босимига дуч келади.

Айни воқелик ҳали совуб улгурмай, мазкур сайт ходимлари «Сардоба» тўғони ўпирилиши оқибатида эвакуация қилинган аҳоли ҳақида репортаж тайёрлаётгани жараёнида Гулистон шаҳар ИИБ ходимларининг тазйиқига учрайди.

Бош прокуратура матбуот хизмати ҳар икки ҳолат юзасидан ўтказилган ўрганишлар натижалари ҳақида маълум қилди.

Маҳкама матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг «Xabar.uz»га айтишича, Тошкент туманида рўй берган ҳолат бўйича Ички ишлар вазирлиги ўтказган хизмат текшируви хулосасига кўра Тошкент туман 10-сонли ИИБ бошлиғи Ё.Комилов интизомий жазога тортилиши кўриб чиқилиши белгиланди.

Гулистонда юз берган иккинчи ҳолат юзасидан ҳам хизмат текшируви ўтказилган. Унинг натижасига кўра Гулистон шаҳар ИИО ФМБ 2-сон ИИБ бошлиғи Ж.Шодмонқуловнинг хатти-ҳаракатлари ички ишлар органларининг интизомий кенгашида кўриб чиқиладиган бўлди.

Бундан ташқари ўтказилган ҳар икки хизмат текшируви хулосаси билан ички ишлар органлари ходимлари томонидан бу каби ҳолатларга келгусида йўл қўймаслиги бўйича тегишли чора-тадбирларни белгилангани алоҳида қайд этилади Бош прокуратура жавобида.

ИИБ мансабдорига қандай интизоми жазо қўллангани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Манба: «Xabar.uz»

Report Page