Ғалла-2020: ҒАЛЛА ЎРИМ ЙИҒИМИГА БАҒИШЛАНГАН КЎРГАЗМАЛИ ВИЛОЯТ СЕМИНАРИ

Ғалла-2020: ҒАЛЛА ЎРИМ ЙИҒИМИГА БАҒИШЛАНГАН КЎРГАЗМАЛИ ВИЛОЯТ СЕМИНАРИ

@Sirdaryo

Сайхунобод туманидаги "Политех агро" масъулияти чекланган жамияти ғаллазорларида ғалла ҳосилини ўриб-йиғиб олишга бағишланган кўргазмали вилоят семинари бўлиб ўтди. Семинарда тўртта секторларнинг раҳбарлари, ўрим -йиғим отрядлари раҳбарлари, тажрибали операторлар ва миришкор деҳқонлар иштирок этдилар.

Семинар ишини вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев бошқариб борди ва янги ҳосил ўрим-йиғими тарадудида турган ғаллакорлар ва ўрим-йиғим отряди қатнашчиларини мавсум бошланаётгани билан қутлади, бу йилги ҳосил янада баракали бўлишига тилак билдирди. Шу билан бирга ҳоким гуруҳлар зиммасига катта масъулият юкланганлиги, ҳосилни нест-нобудсиз қисқа муддатда сарамжонлаб олиш лозимлилигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди.

Сайхунобод тумани далаларида ўрим-йиғимга пухта тараддуд кўрилган. 45 та ғалла ўриш комбайни, механизаторлар гуруҳлари мавсумга олдиндан қизғин тайёргарлик кўрган. Боз устига " Политех агро" агрокластерига 10 та янги комбайнларнинг келтирилганлиги ўрим мавсумини янада қисқартириш, суръатини кескин ошириш имконини беради.

Бу йил даладаги бор ҳосилни қабул масканларига жамлаш (фермерлар ихтиёрида қолдирилаётганини ҳам) тизимининг жорий этилаётгани, "Оқолтиндонмаҳсулотлари" АЖ қошида янги замонавий ҳосил сифати, синфини ўта аниқликда аниқлайдиган замонавий лабараториянинг ишга туширилганлиги фермерлар ҳосилини талофатсиз сақлаш, зарур ҳолларда ун ҳолида тортиб бериш қулайликларини яратади.

Семинарда кекса деҳқон, вилоят маслаҳат кенгашининг аъзоси Абдураззоқ Нажмиддинов қатнашчиларни янги ҳосил ўрим-йиғими тарадуди анжумани билан табриклади ва вилоят ғалла хирмони ўтган йилдагидан янада барокатли бўлишида мавсум иштирокчилари ишига ривож тилади.

Семинарда Қуръон тиловат қилиниб, новос сўйилди ва кам таъминланган оилаларга эҳсон қилиниб тарқатилди.

Сайхунобод туман ҳокимлиги Ахборот хизмати


Report Page