Бухорода сохта «ДХХ ходими» қўлга тушди 

Бухорода сохта «ДХХ ходими» қўлга тушди 

Sirdaryo Xabarlari
Фото: ЎзА

Яқиндагина Тошкент шаҳрида йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимига сохта гувоҳнома кўрсатган собиқ судья аниқланган эди деб хабар беради "ЎзА".

Турли идора ва ташкилотлар гувоҳномасини кўрсатиб мақтанувчи ёки ундан шахсий манфаати йўлида фойдаланувчилар ҳақида илгари кўп эшитганмиз. Айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тегишли гувоҳноманинг ўзига яраша “кучи” бўлгани сир эмас.

Аммо бугун замон бутунлай ўзгарди. Ҳатто вазир бўлсангиз ҳам оддий одамга гувоҳнома кўрсатиб, унга таъсир ўтказмоқчи бўлсангиз, бу жуда кулгули бир ҳол. Чунки раҳбарми, ундан қўрқиш керак, деган тушунчалар эркин фикрлай бошлаган жамият учун ёт нарсага айланди.

Бироқ шундай калтабинлар борки, улар ҳамон гувоҳнома, ачинарлиси, сохта гувоҳнома билан иш битириш пайида юрибди. Яқиндагина Тошкент шаҳрида йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимига сохта гувоҳнома кўрсатган собиқ судья аниқланган эди.

Бу сафар Бухоро шаҳрида “Мен давлат хавсизлик хизматиданман”, деб одамларни алдаб, уларни чув туширишни одат қилган фирибгар қўлга тушди.

Бухоро вилоятининг Когон шаҳридан бўлган Б.Ҳ. одамларга гоҳ юқори ташкилотда ишлайдиган танишим бор, давлат хавфсизик хизматида ишлайдиган акахоним бор, дер, гоҳида журъат топганида “мен давлат хафвсизлик хизматидан”, деб одамларни алдаб, улардан пул ундириб келган.

Унинг асл қиёфасини муқаддам олти марта фирибгарлик жинояти билан судлангани ҳам айтиб турибди, аслида. Охирги маротаба 2016 йил 4 октябрда фирибгарлик учун у 4 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган. 2018 йил май ойида ўталмай қолган жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган.

Кечиримлилик, бағрикенглик каби тушунчаларни англаганида, у эртароқ қутилганига шукр қилиб, бирор фойдали иш билан машғул бўларди. Бироқ, афсуски, ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганларидек, у қилмишини яна давом эттираверди.

2018 йил ёз ойларида Б.Ҳ. Наима исмли аёлга ўзини Давлат хавфсизлик хизматида юқори лавозимда ишлашини айтиб, алдов йўли билан унинг ишончига киради. Хоҳласа Бухоро тумани ҳудудида намунавий лойиҳа асосида қурилаётган уй-жойлардан олиб беришни ваъда қилади. Уй олиш орзусида юрган аёл ҳожатбарорнинг ўз оёғи билан келганидан суюниб, унга 18 минг АҚШ доллари беради.

Аянчлиси, аёл бу пулларни акаси билан биргаликда бир умр жамғарган эди.

Фирибгарликни касб қилганларга эса одамларнинг дарду ташвиши бегона, кейин қай аҳволга тушиши эса мутлақо аҳамиятсиз, албатта.

“Ишончли” одам топиб, деярли уйли бўлган аёл ўзича суюниб юрганида, Б.Ҳ. ўз “фаолияти”ни бошқа жойда давом эттираётган эди. Бу сафар у Дилшод исмли шахсга давлат хафсизлик хизматига ишга жойлаштиришни ваъда қилади. Лекин бу ўз-ўзидан бўлмаслиги, бунинг ўзига яраша “харажат”лари борлигини айтади.

Халқимиз кўза кунда эмас, кунида синади, деганидек, бу сафарги мижоз ҳушёр чиқиб қолди. У ушбу ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берган эди.

Когон шаҳридаги автотураргоҳда Б.Ҳ. Дилшоддан 15 миллион сўм пулни олаётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ашёвий далил билан қўлга олинди.

– Фирибгарлик тез-тез содир бўлаётган, одамларнинг ишонувчанлиги сабаб илдиз отаётган жиноятлардан, – дейди Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти Когон шаҳар суди раиси Зариф Шеров. – Айнан шу каби жиноятларга оид ишларни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқишга, жараёнга кўпроқ одамларни жалб қилишга ҳаракат қилаяпмиз. Токи, кўрганлари уларга сабоқ бўлиши учун. Аммо айримлар кўзлаган мақсадига қонуний йўл билан, албатта маълум босқичларни босиб ўтиб, зарур бўлса, курашиб эришиш ўрнига дуч келганга ишониб, иши осон битишини маъқул кўрмоқдаки, ишлари битса кошки эди. Лекин алданиб қолгачгина улар қонуний чора излайди. Бироқ кўп ҳолларда уларга ёрдам бериш имконсиз бўлади. Чунки айбдор жазосини олгани билан етказилган зарарни тўлаб бера олмайди. Боиси олинган пулни у ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган бўлади. Юқоридаги ҳолатда Б.Ҳ.га Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жами 9 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташ белгиланди. Судланувчи жабрланувчи фойдасига етказилган зарар ундирилиши белгиланди.

Жиноят қилавериб бунга ўрганиб қолган бу кимсанинг эсини энди ўн йил муддатли қамоқ жазоси киритар. “Мен давлат хавфсизлик хизматидан”, дейишни унутар, балки. 


Report Page