“Ўзтрансгаз” АЖ: Метан газ нархининг 150-200 сўмга пасайтирилиши миллиардларни иқтисод қилди

“Ўзтрансгаз” АЖ: Метан газ нархининг 150-200 сўмга пасайтирилиши миллиардларни иқтисод қилди

Sirdaryo Xabarlari
Фото: Хуршид Қодиров / ЎзА

Автомобиль узоғимизни яқин, оғиримизни енгил қилади. Кундан- кунга кўчаларда автомобиллар сони ортиб бормоқда. Кузатадиган бўлсак, ҳайдовчиларнинг аксари, ёнилғининг “ҳамёнбопи”дан фойдаланишга ҳаракат қилади. 

ЎзАнинг эслатишича, жорий йил бошида Фарғона, Андижон, Наманган, Қашқадарё ҳамда Сурхондарё вилоятларида метан ёнилғисининг нархи тарози палласидек ўйнаб турди. “Газ заправка”лари кўрсатаётган хизмат нархининг яна қимматлашиб кетгани, бундан ташқари, тирбандлик табиийки ҳайдовчилар эътирозига сабаб бўлди. Боз устига газ тўлдириш шохобчаларида метан газининг нархи бир-биридан фарқ қилди. Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида (АГТКШ) 1 куб метр метан газ нархи ўртача 300-400 сўмга ошди ва кузатилган энг қиммат баҳо 2200 сўм бўлди.

Бундай ҳолат илк марта 2018 йилнинг ноябрь ойида юртимизнинг барча ҳудудларида жойлашган шохобчаларда кузатилган эди. Тегишли ўрганишлардан кейин мутасаддилар томонидан газнинг нархи 1900 сўмга туширилди. Шунингдек, Молия вазирлигининг буйруғига асосан, мабодо газ нархини белгиланган нархдан ошириб сотадиган газ қуйиш шохобчаси аниқланса, унга нисбатан санкциялар қўллаш ҳақида огоҳлантиришлар берилганди.

Кейинчалик нархларнинг барқарорлиги таъминланган бўлишига қарамай, бу муаммо яна кўтарилди. Ўшанда солиқ тизимидаги ўзгаришлар баҳонасида газ “заправка”ларидаги босим билан бирга, нархлар ҳам 300-400 сўмга оширилди, деган хабарлар тарқалди. Ёнилғига нисбатан акциз солиғи жорий этилгани сабаб қилиб кўрсатилганда, Молия вазирининг “2018 йил 1 ноябрдан газ нархи 11 сўмга ошиб, 1900 сўм этиб белгиланган эди. Ваҳоланки, 2019 йил 1 январдан бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ ўрнига акциз солиғи жорий қилиниши ҳисобига солиқ миқдори атиги 55 сўмга ошган, бу маҳсулот нархига таъсир қилмаслиги керак эди”, деган изоҳи ҳам берилди. 

– Республиканинг, айниқса водий ва жанубий вилоятларида фаолият кўрсатаётган автомобилларга сиқилган газ тўлдириш компрессор шохобчаларидаги нархнинг юқорилаши, тирбандликлар билан боғлиқ аҳолининг мурожаатларини ўрганиш мақсадида раҳбарият топшириғига кўра, ишчи гуруҳи ташкил қилинди, – дейди “Ўзтрансгаз” АЖ Ахборот хизмати раҳбари Л.Собирова. – Жорий йилнинг январь-февраль ойларида “Ўзтрансгаз” АЖ мутахассислари жойларга чиқиб, ҳақиқий аҳвол ҳудудлар кесимида ўрганилди. Қишнинг совуқ кунларида газ зичлиги ортиб, босимининг пасайиши ҳам вазиятни бироз мураккаблаштиради. Ўрганиш натижаларига асосан газ қуйиш шохобчаларига қўшимча лимит ажратиш ҳақида “Ўзтрансгаз” АЖ қарори қабул қилинди ва “заправкалар” газ билан таъминланди. Шундан сўнггина метан газнинг сунъий кўтарилаётган нархи маълум миқдорда тушди.

Рақамларга кўра, вилоятлар бўйича 2019 йил биринчи чорак давомида АГТКШларга етказиб берилган табиий газ ҳажми қарийб 750 минг куб метрни ташкил қилган. Таҳлиллар ҳар ойда газ қуйиш шохобчалари эгалари – тадбиркорларга газ лимитлари ошириб борилганини кўрсатмоқда. Метан газ “заправка”ларига ажратилган қўшимча лимитлар нархнинг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилди, дейиш мумкин. Жумладан, ҳар бир ҳайдовчининг ҳар куб метр газдан иқтисод қилган 150-200 сўми рақамларга солинса, 53 миллиард сўм атрофидаги маблағнинг тежалишига олиб келганини англатмоқда. Бу “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан давлат идораларининг халққа сидқидилдан хизмат қилиши зарурлиги тамойилига ҳамоҳанг фаолият олиб бораётгани, истеъмолчилар учун навбатдаги қулайлик яратганидан далолат беради. Аҳоли манфаатини кўзлаган бу каби иқтисодий тежамкорликка эришиш масаласи кейинги чоракларда ҳам изчил давом эттирилади. 

Таъкидланишича, ҳозирда юртимиз бўйлаб, 650 дан зиёд сиқилган газ тўлдириш компрессор шохобчалари мавжуд. Республика бўйича жорий йилнинг иккинчи чораги учун АГТКШларга етказиб берилиши режалаштирилган табиий газ ҳажми 92 600 куб метрга оширилиб, салкам 840 минг куб метрга етказилди. Демак, ҳайдовчилар ёнилғини арзонлаштирилган нархларда харид қилади. 

Report Page