Тошқин бўлган ҳудудларда 96 гектар томорқа майдонларига экин экилди

Тошқин бўлган ҳудудларда 96 гектар томорқа майдонларига экин экилди

@Sirdaryo
Фото: ЎзА

Сирдарё вилоятида сув тошқини оқибатларини бартараф этиш ишлари айни авж паллада. Бутун республикамизнинг энг энг моҳир уста-дурадгор, қурувчи-муҳандис, қалби олов бунёдкорлари бугун “Сардоба” сув омбори талафотларини бартараф этишда улкан шижоат намуналарини кўрсатмоқда. Таъбир жоиз бўлса, ушбу ҳудудлар яна қайтадан жонланиб, кўз ўнгимизда яшнаётгандек, гўё.

Айни пайтда, сув босган 25 та аҳоли пунктидан 13 таси сувдан, 20 та аҳоли пунктидаги хонадонлар ва уларнинг ҳудудлари чиқиндилардан тозаланди. Тадбир бошидан 4 минг 515 та аҳоли хонадонлари ва кўчмас мулк объектларида тошқиндан тўпланиб қолган кўлмак сув тортиб чиқарилди.

– Ушбу тадбирларга фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимининг жами 16 минг 704 нафар шахсий таркиби ва 3 минг 233 та техникаси жалб этилган, – дейди вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари лейтенант Беҳзод Ҳамраев. – Барча ишлар республика Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилаётганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Шу билан бирга, етилган, экиш имконияти мавжуд майдонларга Сурхондарё вилоятидан олиб келинган 1 миллион дона сабзавот кўчатларини экиш ишлари бошлаб юборилди. Ҳозирга қадар 96 гектар томорқа майдонларига экин экилди.

Фото: ЎзА

Бундан ташқари, аҳоли бандилигини таъминлаш борасидаги ишларда ҳам ижобий натижаларга эришилмоқда. Дастлабки манзилли рўйхат шакллантирилганда, қурилиш ишларида тажрибаси бўлган 1 минг 408 нафар фуқаро аниқланди. Уларнинг 552 нафари жамоатчилик асосида ҳақ тўланадиган ишларга жалб этилди, шундан 256 нафари ободонлаштириш, 176 нафари чиқиндиларни саралаш ва 120 нафари қурилиш ишларига жалб этилди.

Ҳудудлардаги электр энергияси таъминоти ҳам қайта тикланмоқда. Жумладан, 3 та подстансия, 97 та трансформатор пункти ва 302,5 километр электр узатиш тармоқларида, 5 минг 500 та электр устунларини таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилди. Натижада, 7 минг 987 та электр таъминоти узилган аҳоли хонадонларининг барчаси тўлиқ электр манбаи билан таъминланди.

Талафот кўрган туманларда табиий газ билан таъминлаш ишлари давом этмоқда. Тадбир бошидан 2,28 километр ва 7 та газ тақсимлаш қурилмалари демонтаж қилинди. Шунингдек, қўшимча равишда аҳолига 1000 дона маиший газ баллонлар ва 200 дона газ плиталар етказиб берилди.

Ҳозирда бу каби амалий саъй-ҳаракатлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.

А.ҚАЮМОВ, Ф.ТОШМАТОВ (сурат), ЎзА

Report Page