ПРЕСС-ТУР: Сардобанинг асов суви талафотини эслатувчи манзаралар...

ПРЕСС-ТУР: Сардобанинг асов суви талафотини эслатувчи манзаралар...

@Sirdaryo
Фото: Аъло АБДУЛЛАЕВ / ЎзА

(Биринчи мақола)

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Фавқулодда вазиятлар ва Мудофаа вазирликлари билан ҳамкорликда ОАВ вакиллари учун Сирдарё вилоятидаги “Сардоба” сув омбори ўпирилиши оқибатида зиён етган туманлар бўйлаб пресс-тур уюштирди.

Фожианинг боши

Оқолтин туманининг тошқиндан талафот кўрган ҳудудига кириб боряпмиз. Йўлнинг икки томонида киши этини жунжиктирадиган манзара. Гарчи, фожиа кўламини борича кўз олдимизга келтира олмасак-да, тасаввур қилишга уриндик. Лойқа сув босган далалар, экин майдонлари, вайрона ҳолга келган қишлоқлар, маданий, маиший хизмат кўрсатиш объектлари, корхона, ташкилотлар бинолари... барини тиклаш осон кечмаслиги тайин.

Кабинаси бир томонга, тиркамаси бошқа томонга айрилган улкан юк машиналари, узоқдан сувда чайқалиб турган кичик кема мисол кўзга ташланадиган енгил автомобиллар, атрофда сочилиб ётган, ҳар бири 1-1,5 тонна келадиган лоток – темир-бетон ариқлар асов сув қай даражада катта куч билан йўлида учраган нарсани олиб оққанидан, вайрон қилганидан дарак беради...

Бу манзарадан кўнглимиз хижил бўлиб турганда ҳамроҳимиз – Фавқулодда вазиятлар вазирлиги масъул ходими орамизда айрим эътиборсиз, беғам кишилар ҳам борлигидан ёзғириб қолди.

Фото: Аъло АБДУЛЛАЕВ / ЎзА

– Бу ёққа қаранглар. Мана шу бино хусусий корхонага тегишли. Тошқин бошланган заҳоти корхона раҳбарларини огоҳлантирдик, ҳамма нарсани кўчириш лозимлигини тайинладик. Бунинг учун вақт борлигини айтдик. Афсуски, улар йирик техника воситаларини эвакуация қилмади. Сув темирга зиён етказа олмайди, деб ўйлади. Кўриб турганингиздек, “КамАЗ”, қишлоқ хўжалиги экинларига ишлов бериш ускунаси, бир неча енгил автомобиль ишдан чиқди, мутлақо яроқсиз аҳволга келди.

Дастлабки манзил – “Сардоба” сув омборининг ёрилган нуқтасига яқин Оқолтин ва Мирзаобод туманлари кесишувида жойлашган “Учтом” мавзесидамиз. Бу ердан тўғон унча узоқ эмас.

– Марказий Осиёда 120 дан зиёд сув омбори бўлиб, шундан 70 таси Ўзбекистонда, – деди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати ходими Самандар Ҳикматуллаев. – Аксарият, яъни 54 сув омборимиз қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш ва электр энергияси ишлаб чиқариш учун хизмат қилади. Қолганлари безакли, яъни дам олиш масканларидаги кичик кўллардир. Мақсадли сув омборлари “Ўзанли” ва “Қуйилувчи” турларга бўлинади. Ўзанли – “Чорбоғ” сув омбори тоғдан тушадиган сув йўлида барпо этилган. Тўғондан чиқадиган сув яна ўзан бўйлаб оқишда давом этади. “Сардоба” қуйилувчи сув омбори ҳисобланади. Текис ерда қурилган ва захира дарё суви қуйилиши натижасида ҳосил қилинади.

Сардоба сув омбори Жиззах ва Сирдарё вилоятларининг 7 тумани қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришга хизмат қилган. Тўғондан чиқадиган сув учта тармоқ каналига қуйилган. 8,5 километр узунликдаги Марказий, 4,5 километрлик Ўнг қанот ва 3 километр масофага чўзилган Чап қанот каналларининг ҳар бири ўз йўналишидаги экин майдонларини суғорган. Ҳозирда ушбу каналларда тозалаш-тиклаш ишлари олиб бориляпти.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби Шуҳрат Суюновнинг айтишича, 3 каналдан 2 тасига жиддий зиён етган. Шу кунларда талафот оқибатларини бартараф этишга вазирлик тизимидаги барча ташкилотлар, вилоятлар бошқармалари мутахассислари, ишчи-хизматчилари жалб этилган. Объектда 460 дан зиёд техника, жумладан, 160 экскаватор ишлаяпти. Суғориш мавсуми бошланишига оз фурсат қолди. Демак, шу учта йирик канал, қолаверса, ички каналлар ва суғориш иншоотларини мавсумга шай қилиш энг долзарб вазифа бўлиб турибди.

– Биз 20 экскаватор, 3 бульдозер ва автомашиналар билан қийин вазиятда сардобаликларни қўллаб-қувватлаш учун келдик, – деди Қашқадарё вилояти сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Абдуғани Баҳбедов. – Уч навбатга бўлиниб, куну тун ишлаяпмиз. Барча шароитлар яратилган, техникалар учун ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ўз вақтида етказиб берилмоқда. Тармоқ каналларини бетонлаш ишларини амалга оширяпмиз. Мақсадимиз тез кунларда, қисқа муддатда экин майдонларини сув билан таъминлашни йўлга қўйиш. Сирдарёликлар биз учун бегона эмас. Ҳаммамиз бир элмиз. Бундай вазиятда шунчаки қараб туриш бизга хос эмас.

Пресс-тур иштирокчилари иккинчи манзил томон йўл олди. Бу ҳақда кейинги мақоламизда ёзамиз.

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, Аъло АБДУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА

Report Page