Сардоба, Оқолтин ва Мирзаободда вақтинчалик тиббий пунктлар фаолияти йўлга қўйилди

Сардоба, Оқолтин ва Мирзаободда вақтинчалик тиббий пунктлар фаолияти йўлга қўйилди

@Sirdaryo
Фото: Соғлиқни сақлаш бошқармаси

Шу кунларда Президентимиз бошчилигида Сирдарё вилоятининг Сардоба туманидаги «Сардоба» сув омборидан сувни сизиб чиқиши оқибатида содир бўлган сув тошқини оқибатларини бартараф этиш, жабрланган аҳолини издан чиққан ҳаётини қайта изга тушириш мақсадида кенг кўламли тозалаш ва бунёдкорлик ишлар амалга оширилмоқда. 

Республикамизнинг барча ҳудудларидан сафарбар этилган, тошқин оқибатларини бартараф этишда фаол иштирок этаётган фуқаролар, ҳарбийлар, фавқулодда вазиятлар, ички ишлар, қурувчи, йўлсоз бир сўз билан айтганда барча хизмат вакиллари саломатлигини назорат қилиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларида вақтинчалик тиббий пунктлар ташкил этилди ва пунктларга малакали тиббиёт ходимлари бириктирилиб, улар соғлигини куни тун назорати йўлга қўйилди. 

Пандемия сабаб тошқин оқибатини бартараф этишга сафарбар этилганларни турли инфекциялар юқишидан ҳимоялаш мақсадида қатъий эҳтиёт чоралари ҳам кўрилди. 

Куни кеча Оқолтин туманининг «Шодлик» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 17-умум таълим мактабида вақтинчалик ташкил этилган тиббий пунктда Гулистон туман тиббиёт бирлашмасининг малакали тиббиёт ходимлари Самарқанд вилоятидан ташриф буюрган 20 нафар профессор, тиббиёт фани номзодлари ва малакали тиббиёт ходимлари билан ҳамкорликда тошқин оқибатларини бартараф этиш учун Самарқанд вилоятидан ташриф буюрган 700 нафар фуқаро ҳамда сув тошқинидан жабрланган аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиши баробарида амалий кўмак кўрсатишди.

-Самарқанддан ташриф буюрган реаниматолог, кардиолог, терапевт, невропатолог, эндокринолог, травматолог, инфекционист, эпидемиолог каби қатор мутахассислар ҳар бир кишини чуқур, илмий ёндашган ҳолда тиббий текширувдан ўтказиб зарур тавсияларини берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш бошқармаси

Ташкил этилган тиббий пунктга бир нафар малакали шифокоримизни, бир нафар ўрта тиббиёт ходимимизни бириктирдик. Улар тошқин оқибатлари бартараф этилганга қадар шу ерда фаолият олиб бориб ишчи хизматчиларни, зарар кўрган ва ўз уйларига қайтиб келган фуқароларга тиббий хизмат кўрсатишади,-деди Гулистон туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Алишер Эркабоев.

Фото: Соғлиқни сақлаш бошқармаси

Бир сўз билан айтганда ушбу ҳудудларда янги ва вақтинчалик ташкил этилган тиббий пунктлар зарур тиббий асбоб-ускуналар ва дори-дармонлар билан таъминланди. Бириктирилган тиббиёт ходимлари томонидан фуқаролар, ишчи хизматчилар соғлиги назорат қилиниб тана ҳарорати, қон босими ўлчаниб қайд дафтарига қайд этиб бориш ишлари йўлга қўйилди.

Ғулом ПРИМОВ,
Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати

Report Page