Ховос туманида "Мини-футбол" бўйича хотира турнири ўтказилди

Ховос туманида "Мини-футбол" бўйича хотира турнири ўтказилди

Sirdaryo Xabarlari
Фото: “Адолат” СДП

Ўзбекистон “Адолат” СДП Ховос туман Кенгаши томонидан Соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Ховос бирлашган тармоқ шифохонаси ҳамкорлигида 9-май Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан кўп йиллар давомида халқимиз хизматида бўлган, машаққатли касб эгаси, марҳум шифокор Облоқул Эркаев номини хотирлаб “Адолат” СДП аъзолари ва Сирдарё вилоят шифокорлар жамоаси ўртасида мини-футбол бўйича хотира турнири ташкил этилди.

Янгиер шаҳрида жойлашган мини-стадион футбол ўйингоҳида ўтказилган мазкур хотира турнирида Янгие шаҳар, Сирдарё, Боёвут туман кўп тармоқли шифоҳоналари, Ховос бирлашган тармоқ шифохонаси, Гулистон шаҳар диагностика бўлими, Сирдарё вилоят шошилинч тез тиббий ёрдами марказидан ҳаммаси бўлиб саккиста жамоа иштирок этди. Қизғин ва муросасиз ўтган мини-футбол ўйинида барча жамоалар яхши кўрсаткичларни намойиш этишга астойдил ҳаракат қилишди.

Примқул Тожиддинов, Ховос бирлашган тармоқ шифохонаси поликлиника бўлими мудири:

— Ушбу ўйинни ташкил этишимиздан мақсад, аввало ўтганлар руҳини ёд этиш, уларнинг қилиб кетган эзгу амалларини барчага ўрнак этиб кўрсатишдан иборатдир. Шу билан бир қаторда “Спорт - соғлик гарови” тамойилига амал қилган ҳолда бу каби ўйинларни ташкил этиб, унда фаоллик кўрсатиш ҳам бизнинг бош мақсадларимиздан бирига киради. Марҳум шифокор Облоқул Эркаевнинг халққа кўп хизматлари синган. Бу каби улуғ инсонларнинг ёди ҳамиша халқ қалбида яшайверади.

Ташкил этилган хотира турнири давомида жамоалар орасидан муносиблари сараланиб, финал босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритишди. Якуний натижаларга кўра, 1-ўринни Боёвут кўп тармоқли шифохонаси қўлга киритди. 2- ва 3- ўринлар эса Сирдарё туман ва Янгиер шаҳар кўп тармоқли шифохонасидагиларига насиб этди. Шунингдек, Ховос бирлашган тармоқ шифохонаси “энг тартибли жамоа” номинацияси бўйича баҳоланди.

Ғолибларга Ўзбекистон “Адолат” СДП Ховос туман Кенгаши ҳамда ҳамкор ташкилотларнинг қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

Адҳам СУХРОБОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Ховос туман Кенгаши
ижрочи котиби

Report Page