Нидерландиялик экспертлар Сардоба сув омборидаги тошқин сабаблари бўйича тахминларни маълум қилди

Нидерландиялик экспертлар Сардоба сув омборидаги тошқин сабаблари бўйича тахминларни маълум қилди

@Sirdaryo
Фото: «Дарё»

Нидерландиянинг Deltares таҳлил маркази сунъий йўлдошдан олинган маълумотлар асосида Ўзбекистондаги Сардоба сув омборидаги тошқин сабабларини ўрганди ва бу борада ҳисоботни тақдим этишга тайёр. «Дарё» нашрига кўра, тадқиқот ўтказиш ташаббуси Deltares экспертлари Санжай Гири, Геннадий Дончиц ва Марк Хегнауэр томонидан илгари сурилди, деб ёзган «Дунё» ахборот агентлиги.

Экспертлар фикрича тўғоннинг бузилишига ёғингарчиликлар туфайли сув омборида сувнинг ҳаддан зиёд кўплиги, шамол тўлқини ёки ички эрозия сабаб бўлиши мумкин.

Ҳисобот муаллифларининг қайд этишича Сардоба сув омборидаги ҳолат бўйича тезкор таҳлил ва фалокатга берилган баҳо тахминларга асосланган. Асосий жараёнларни тушуниш ва сабабларни аниқлаш учун чуқур ва батафсил ўрганиш талаб этилади. Бунда ер устки маълумотлари ва сув омбори деворларининг конструкцияси, қурилиш ва унда ишлатилган материаллар ҳақидаги ахборотларни билиш талаб этилади.

Нидерландиялик экспертлар метеорологик омилларни ҳам яхшилаб ўрганиш кераклиги ва бу келажакда табиий офатларга тайёр туриш, техник потенциални такомиллаштириш ва бошқа омилларга таъсир қилишини таъкидлаган.

Report Page