Вақтинча эвакуация қилинган оқолтинликлар, Сайхунобод тумани ҳокимига ўз миннатдорчилигини билдиришди

Вақтинча эвакуация қилинган оқолтинликлар, Сайхунобод тумани ҳокимига ўз миннатдорчилигини билдиришди

@Sirdaryo
Фото: Оқолтин тумани ҳокимлиги

Бу ҳақда Оқолтин тумани ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, туман ҳокимлиги расмий канали обуначиларидан бўлган, Оқолтин тумани Кўркам Диёр маҳалласи Исломобод кўчаси фуқаролари Сайхунобод туман ҳокими ва у киши раҳбарлик қилаётган мутасадди ташкилотлар раҳбарларига, хусусан Сайхунобод халқига ўз миннатдорчиликларини билдириб, хабар қолдиришган.

"Заҳматкаш халқимиз ҳаёти давомида кўплаб оғир синовли кунларни бошидан кечирган. Шундай синовли дамларда ҳам ўз эътиқодини, иймонини, ўзлигини ва энг муҳими одамийлигини бир муддат бўлса ҳам йўқотмасдан яшаб келди.

Маълумингизким, жорий йил синовларга бой давр бўлди. Аввал пандемия, Бухородаги табиий офат, сўнг Сардоба сув омборидаги техноген офат юртдошларимиз иродасини яна бир бор имтиҳондан ўтказди.

Шундай бир оғир даврда сирдарёликларнинг алоҳида жонбозлик кўрсатган ҳолда жипслашганликлари нафақат юртимизда, балки жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилди. Биз оқолтинликлар мазкур техноген офат оқибатида турли худудларга эвакуация қилиндик. Вилоятимизнинг турли худудларига бориб жойлашган туманимиз аҳолисига юртдошларимиз томонидан қилинган ғамхўрлик биз оқолтинликларда чуқур миннатдорлик ҳиссини уйғотди. Айтиш мумкинки, бу борада Сайхунобод тумани мутасадди ташкилотлари, ҳокимлиги, аҳолиси жуда катта фаоллик кўрсатди. Туманимизнинг Кўркам Диёр маҳалласи Исломобод кўчаси аҳолиси Сайхунобод туманининг Ўзбекистон маҳалласининг “Герой” қишлоғига ва Ёшлик маҳаллаларига эвакувация қилинди. Герой қишлоғи фуқароси асл касби тракторчи бўлган Ўткир Усмонов 58 кишини ўз бағрига олиб ғамхўрлик кўрсатди, Ёшлик маҳалласида истиқомат қилувчи мактаб ўқитувчиси Ирода Мухлибоева ўз хонадонида 18 кишига жой берди. Ирода Мухлибоева истиқомат қилувчи маҳалла аҳолиси, у фаолият олиб бораётган 32-умумтаълим мактаби жамоаси, туман халқ таълими бўлими жамоаси, Ёшлик МФЙ ходимлари, марказий шифохона худудий ҳамширалари, сектор раҳбарлари туну кун карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда биздан хабар олиб турди ва қаҳрамонлик кўрсатдилар. Сайхунобод туман ҳокими Мирзақулов Ботиржон Казакбаевич ўз хонадонида бир гуруҳ эвакувация қилинган оқолтинликларга ўз оила аъзосидек ғамхўрлик кўрсатди.  

Биз Кўркам Диёр маҳалласи Исломобод кўчаси аҳолиси Сайхунобод туман ҳокими Мирзақулов Ботиржон Казакбаевичга ва у киши раҳбарлик қилаётган мутасадди ташкилотлар раҳбарларига, Ўткир Усмонов, Ирода Мухлибоева каби замонамиз қаҳрамонларига ва Сайхунобод халқига алоҳида миннатдорчилик билдирамиз!", - дейилади хабарда.

Report Page