Рамазон соғинчи

Рамазон соғинчи

Sirdaryo Xabarlari
Фото: SirdaryoMuslim.uz

Рамазон муборак ой. Бу ойни мўмин-мусулмонлар ўзгача бир соғинч ва интизорлик билан кутиб оладилар. Айниқса, саҳарлик ва ифторлик вақти ҳар бир оилага ўзига хос қувонч улашади. Аллоҳ таоло бандаларига ушбу ойда еб-ичиш ва бошқа лаззатлардан нафсини тийишга буюради ва бандалари эса бундан хурсанд бўлишади. Мана шу бир ой ичида банда энг олий фазилат бўлмиш сабр қилишни ўрганади. Чунки нафсининг ҳар хил хоҳишларидан сабр қилади, ён-атрофдаги содир бўладиган ҳар қандай вазиятларга сабр қилади. Шунинг учун бу ойни сабр ойи ҳам деб атайдилар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом дедилар: “Ҳар бир нарсанинг закоти бўлади, жасаднинг закоти рўзадир.”

Овқат жасадга озуқа бўлгани каби рўза ҳам руҳга озуқадир. Овқатсиз яшаб бўлмаганидек, руҳ ҳам рўзасиз яшай олмайди, маънан чарчайди, ўлади, ибодатга ярамайдиган мажруҳ бўлиб қолади. Рўза нимадан иборат? Албатта, очликдан иборат, очликнинг эса фойдалари кўп. Инсонда очлик ҳолати қалбдаги иллат ва ғуборларни, мутакаббирлик ва манманликни кетказади. Аллоҳнинг балоси ва азоби қаттиқ бўлишини ёдга солади, гуноҳ амалларга мойил бўлишнинг олдини олади, уйқуни камайтириб, бедор бўлишга чорлайди, доимий ибодат ва шукр қилишга ўргатади. Очлик ҳолатини бошидан кечирган одам бехосдан қийинчиликка учраб қолса, сабр-тоқат билан уни осон енгади. Доимо маишатда юрган тўқ одам ҳаётда озгина қийинчиликка йўлиқса, қаттиқ талвасага тушиб, ўзини йўқотиб қўяди ва уни енгиб ўтишга иродаси етмайди. Бир сўз билан айтганда, рўза инсонни ҳар томонлама тарбиялайди.

Ҳар бир ибодатнинг зоҳири ва ботини, пўсти ва мағзи борлиги ҳаммамизга маълум. Рўзанинг зоҳири, яъни пўсти бу – емаслик, ичмаслик ва нафсоний-жисмоний эҳтиёжлардан тийилиб туриш. Мағзи эса бу юқорида айтиб ўтилган ҳадисларга амал қилишдир, яъни – қулоқ, кўз, тил, қўл, оёқ ва бошқа аъзоларни гуноҳлардан тийишдир. Барчамиз бу муқаддас кунларни ғанимат билиб Рамазон ойидаги жамики ибодатларни тўлиқ адо этишимизни Яратганнинг Ўзи насиб айласин.

 

Ботир НОСИРОВ,
Ховос тумани “Ҳуснобод” жоме масжиди имом-хатиби

Report Page