ХОТИН-ҚИЗЛАРНИНГ СИЁСИЙ ЖАРАЁНЛАРДАГИ ИШТИРОКИ ЯНАДА КЕНГАЯДИ

ХОТИН-ҚИЗЛАРНИНГ СИЁСИЙ ЖАРАЁНЛАРДАГИ ИШТИРОКИ ЯНАДА КЕНГАЯДИ

Sirdaryo Xabarlari
Фото: xdp.uz

Мамлакатимизда хотин-қизларга қаратилаётган юксак эътибор натижасида бугун хотин-қизларимизда ҳар жабҳада фаоллик сезилмоқда. Уларнинг ижтимоий сиёсий фаоллиги ошиб, салоҳиятли хотин-қизлар сафи тобора кенгаймоқда. Юксак салоҳиятли, ҳар томонлама етук хотин-қизлар сафи кенг бўлсада, Парламентда, маҳаллий Кенгашлар депутатлари орасида аёллар кўчиликни ташкил этмайди. Шу боис, сиёсий жараёнларда ва бу йилги сайловларда уларнинг фаол иштирокини таъминлаш, истеъдодларини юзага чиқариш ҳамда депутатлар орасида хотин-қизлар сафини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон ХДП томонидан қатор лойиҳа ва семинарлар ўтказилиб келинмоқда. Шундай семинарлардан навбатдагиси Ўзбекистон ХДП Сирдарё вилоят кенгаши томонидан “Хотин-қизларнинг сиёсий жараёнлардаги иштирокини янада кенгайтириш” мавзусида ташкил этилди.

Фото: xdp.uz

Унда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ҳамда Сирдарё вилоят кенгаши масъул ходимлари, маҳаллий кенгашларнинг хотин-қизлар бўйича ўринбосарлари, депутат аёллар, номзоди депутатликка кўрсатилиши назарда тутилган ва заҳирага олинган хотин-қизлар, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Хотин-қизлар қўмитасининг ҳудудий бўлими ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, юртимизда хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги мавқеини юксалтириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий ислоҳотлардаги иштирокини таъминлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оила институтини қўллаб-қувватлаш устувор вазифага айланди. Бу борада мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилди ва амалиётга изчил йўналтирилди. Айниқса, давлат ва жамиятни бошқаришда хотин-қизларнинг иштирокини кенгайтириш мақсадида миллий сайлов қонунчилигимизда сиёсий партиялар томонидан ҳокимият вакиллик органларига сайловларда депутатликка номзодларни кўрсатишда хотин-қизлар учун 30 фоизлик квота белгиланди.

Фото: xdp.uz

Ўзбекистон Халқ демократик партияси хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Аёллар, ёшлар ва электорат манфаатларини ифода этишга қаратилган лойиҳалар ана шу мақсадларни рўёбга чиқариш билан бирга партиянинг жамоатчилик орасидаги обрў-эътибори ва нуфузини оширишга ҳам хизмат қилмоқда. Мисол учун, “Аёллар қаноти” кенгаши ташаббуси билан анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг энг фаол аёли” республика кўрик-танлови юртимиз аёлларини мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларини модернизация қилиш ва янгилашга йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотларда янада фаолроқ қатнашишга ундамоқда. Бугунги кунда партия аъзоларининг 50 фоизга яқинини хотин-қизлар ташкил этади, улар партия дастурий мақсад-вазифаларини рўёбга чиқаришда ўз салоҳияти, фидойилиги билан фаоллик кўрсатиб келаётганлиги эътиборга молик.

Фото: xdp.uz

Эътироф этилдики, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида ижтимоий адолат ғояларини қарор топтириш, эркак ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлилигини, уларнинг меҳнати учун бир хил ҳақ тўланишини қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларнинг таълим олиши, касбий тайёргарлик ва мослашувини таъминлайдиган дастурларни илгари суриш, аёлларнинг давлат органлари барча бўғинларида қарор қабул қилиш жараёнидаги иштирокини янада кенгайтириш, уларнинг ташаббус ва изланишларини рағбатлантириш ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ҳисобланади. Шу билан бирга, юртимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, ҳуқуқий ва тиббий маданиятини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқариш, айниқса, ўсмир қизларни илм-маърифатли, жисмонан ва маънан баркамол қилиб тарбиялаш борасида партия олдида муҳим ҳаётий вазифалар борлиги, шу мақсадда ҳамкорликдаги фаолиятини кучайтириш зарурлиги ҳақида сўз юритилди. Жойларда мавжуд муаммоларни бартараф этиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, комил фарзандларни вояга етказиш, ўз салоҳияти, қобилияти билан оиласи ва юрт фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиш аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ифодалайди, албатта.

Фото: xdp.uz

Ўқув-семинарда мутахассис ва экспертларнинг “Сайлов қонунчилиги тўғрисида”, “Депутатликка муносиб номзодларни танлаш ва уларни депутатликка тайёрлаш усуллари”, “Сайловда иштирок этиш ва ғалаба қозониш тактикаси” мавзусидаги маърузалари, уларда аниқ таҳлил ва хулосалар, ҳаётий таклифлар келтириб ўтилганлиги билан семинар қатнашчиларининг диққатини жалб этди.

Баҳс-мунозара, савол-жавобларга бой тарзда ўтган мазкур тадбирда хотин-қизлар сайловлар, сайлов жараёнлари ва унда иштирок этиш, ғалаба қозониш бўйича янги билим ва малакаларга эга бўлдилар. Қайд этилдики, Ўзбекистон ХДП томонидан бундай ўқув-семинарлари республикамизнинг барча минтақа ва ҳудудларида ўтказилади. Бу эса хотин-қизларни сиёсий жараёнларда фаол иштирокини таъминлайди ҳамда депутат аёллар сафининг кўпайишига хизмат қилади.

Ўқув-семинар якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши
Ахборот хизмати

Report Page