Мафтуна “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг Мирзаобод туман босқичи ғолиби бўлди

Мафтуна “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг Мирзаобод туман босқичи ғолиби бўлди

Sirdaryo Xabarlari
Фото: Элёр Жўраев / Telegram

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал деморатик партияси Мирзаобод туман Кенгаши томонидан “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг туман босқичи бўлиб ўтди.

6-Болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтган мазкур тадбирда O’zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши масъул ходимлари, туман ҳокимлиги, тадбиркор аёллар уюшмаси,Савдо-саноат палатаси вакиллари, тадбиркор ва фермер хотин-қизлар, туман Кенгаши депутатлари, туман Кенгаши аппарати ходимлари ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар ходимлари иштирок этди.

Кўрик-танловда “Ҳақиқат”, “Янги овул” “Тошкент”, “Боғистон”, “Янги йўл” маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчи йигирма нафарга яқин тадбиркор, ҳунарманд, фермер аёллар қатнашди. Ҳайъат аъзолари иштирокчиларнинг фаолиятини Низом қоидалари асосида ўрганиб чиқдилар.

Фото: Элёр Жўраев / Telegram

“Маҳмуд қизи Мафтуна орзуси” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Мафтуна Мамажонова, дизайнер Раъно Боймирзаева, тикувчи Ўғилой Бекмирзаева, туман тадбиркорлар уюшмаси раҳбари Насиба Тойлоқова ва бошқаларнинг фаолияти кўрик-танлов иштирокчиларининг эътиборини тортди.

Туманнинг “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган Озода Йўлбарсова ўтган йили “Туронбанк” Сирдарё вилояти бўлимидан 23 миллион сўм миқдорида кредит олиб иш бошлаганди. Унинг мўъжазгина цехида ишлаб чиқарилаётган нон ва нон маҳсулотлари қисқа вақтда ўз харидорларини топди. 5 та ишчи меҳнат қилаётган макарон цехида ишлаб чиқарилаётган 4 хилдаги макарон маҳсулотларига Гулистон шаҳри бозорларида талаб кун сайин ортиб бормоқда.

Туман тадбиркорлар уюшмаси раҳбари Насиба Тойлоқованинг айтишича туманда тадбиркорлик фаолиятини юритаётган ёшлар, аёллар сони 370 нафарга етган. Уларнинг ҳар бири 7 нафардан 15 нафаргача иш ўринлари яратишган. Насиба Тойлоқованинг ўзи “Жайхунбек Ҳамкор файз” фермер хўжалигининг раҳбари. У 5 гектар майдонда анор, 2 гектар ерда эса боғ ташкил қилди. Йўл четларига 2300 тупдан зиёд терак кўчатларини экди.

Фото: Элёр Жўраев / Telegram

Яқинда “BEST TRANS SERVIS” МЧЖга асос солган Насиба Тойлоқова тикувчилик устахонаси фаолиятини йўлга қўйди ва 40 та доимий, 70 нафар аёлларни мавсумий ишларга жалб қилди.

Тадбир якунига кўра “Маҳмуд қизи Мафтуна орзуси” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари, ёш ишбилармон қиз Мафтуна Мамажонова “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг туман босқичи ғолиби деб топилди.

 -Тадбиркорликни ўз маблағим ҳисобига бошлаб, банкнинг 10 милион сўмлик кредити эвазига уни ривожлантирдим. 2017 йилда фаолиятимни эчкичиликдан бошладим. 20 та эчки сотиб олгандим. Икки ярим йил ичида эчкиларим сони 235 бошга етди. Ундан ташқари 1 гектар ерда анорчилик, 1 гектар ерда узумчилик хўжалигини ташкил этдим. 3 гектар майдонга экилган бедазор атрофига эчкилар учун қўра қурдим. Эчкичиликдан келган маблағ ҳисобига тикувчилик устахонасини ташкил қилдим ва ўн нафар қишлоқ аёлларини иш билан таъминладим.

Мафтунанинг қурт тайёрлаш цехида 4 нафар қишлоқ ёшлари иш билан банд.1,5 сотихлик иссиқхонада ҳам икки- уч нафар қишлоқ ёшларини бандлиги таъминланган. Яқинда 20 та туяқуш сотиб олинганлиги ҳисобига ишчилар сони яна уч-тўрт нафарга ортди.

Шунингдек, кўрик-танловда иштирок этган Раъно Баймуратова иккинчи, Нилуфар Бозорбоева учинчи ўринни қўлга киритишди.

Ғолиб ва совриндорларга O`zLiDeP  туман Кенгашининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Сабоҳат БАБАЕВА,
Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими мудири.

Report Page