“Ягона Ватанда ягона мақсад сари”

“Ягона Ватанда ягона мақсад сари”

@hokimiyatpress
Дунёда қанча миллат, халқ бўлса, ҳар бирининг ўзига хос феъли, урф-одатлари, фазилатлари бор. Олижаноблик, инсонпарварлик, бағрикенглик қаторида миллатлараро тотувликка интилиш азалдан халқимизнинг энг юксак фазилатларидан бири бўлиб келган. Миллатлараро ва конфессиялараро тинчлик ҳамда тотувликни мустаҳкамлаш масаласи Ҳаракатлар стратегиясида ҳам ўз аксини топган.

Маълумки, мамлакат ҳудудида яшаётган барча миллат ва элат вакилларининг эҳтиёжларини ҳисобга олиш, манфаатларини уйғунлаштириш ва ягона мақсад сари, яъни Ватанни тараққий қилдиришга йўналтириш миллий ҳамжиҳатликни таъминлашнинг асосий омили ҳисобланади. Уларнинг ҳар бири ўз миллий маданий урф-одатлари, анъаналари, тилига ҳамда конституциявий ҳуқуқий тенгликка эга.

Хусусан, вилоятда хозирги кунда 5 та (қозоқ, қирғиз, рус, корейс ва озарбайжон) миллий маданий марказлар ҳамда ноисломий диний конфессиялар вакилларининг эмин эркин диний амалларини адо этишлари учун 9 та ибодат черковлари фаолият юритмоқда. Миллий маданий марказлар томонидан ўтган давр мобайнида бир қатор тадбирлар ўтказилди.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 19-20 март кунлари вилоят телевидениеси, “Sirdaryo_uz” ва “Sirdaryo хabarlari” каби телеграммдаги каналларда вилоятда фаолият юритаётган рус, озарбайжон, қозоқ, қирғиз ва корейс миллий маданий марказлар раҳбарлари ва фаоллари аҳолига мурожаат қилиб, барчани ўйлантираётган коронавирус касаллигига қарши курашда саросимига тушмасдан, барча синовларни чексиз сабр ва матонат билан енгиб ўтиш ҳамда саломатликка янада эътиборлироқ бўлиш юзасидан мурожаат билан чиқишлари бутун дунё халқлари қатори бизнинг давлатимизда ҳам ҳукм сураётган оғир пандемия даврида вилоятимизда истиқомат қилаётган бошқа миллат вакилларини ҳам янада жипслиги тимсоли бўлди. Дарҳақиқат, вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳузуридаги “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази” томонидан ҳам бугунги кунда оғир пандемия даврида аҳолининг кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор, кўп болали, карантинда ўтириб даромадини йўқотган ишсиз оилалар ҳамда ёлғиз кексалар тоифасига кирувчи 8450 та оилага бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Шуларнинг 1000 дан ортиғи бошқа миллат вакиллари оилалари ҳисобланади.

Шунингдек, вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан мамлакатимизда ўтказиладиган турли байрамлар, хусусан, ўзга миллат вакилларининг миллий ва диний байрамлари муносабати билан ҳам бошқа миллат вакиллари оилаларидан хабар олиш анъанага айланган, хусусан ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа миллат вакиллари оилаларига уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида озиқ-овқат ва дори дармонлар тарқатилмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, айни дамда давом этаётган оғир пандемия даврида ҳам, ҳар бир миллат, ҳар бир халққа хос бўлган одамийлик, инсонпарварлик, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик хислатларига бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам катта эҳтиёж сезилмоқда.

Мана шундай оғир синовли дамларда вилоятимизда истиқомат қилаётган барча миллат вакиллари янада жипс бўлиб, ўзаро меҳр-оқибат, муҳтожларга кўмак борасида юксак намуна кўрсатишлари мақсадга мувофиқ бўларди.

Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази Сирдарё ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси О.Джўраев

Report Page