Сайловда маҳалла раиси қайта сайланди

Сайловда маҳалла раиси қайта сайланди

Sirdaryo Xabarlari
Фото: ЎзА

Сирдарё вилоятида ҳам фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови шаффоф ва очиқлик тамойиллари асосида юксак савияда ўтказилмоқда.

– Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати кенгашининг 2019 йил 15 февралдаги “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоятнинг мавжуд 222 маҳалла фуқаролар йиғинларида ушбу сиёсий жараёнга пухта ҳозирлик кўрилди, – дейди Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Анвар Тўйчиев. – Сайловларни ўтказиш юзасидан вилоят, туман, шаҳарларда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи ишчи гуруҳлар тузилди. Маҳалла фуқаролар йиғини раислигига муносиб номзодлар рўйхати шакллантирилишида шу ҳудуд аҳолисининг фикри инобатга олинди. Шунингдек, сайлов ҳуқуқига эга бўлган фуқаролардан 12 фоиздан кам бўлмаган миқдорда вакиллар ҳам сайланди.

Бугуннинг ўзида вилоятнинг бир қатор маҳалла фуқаролар йиғинларида сайловлар бўлиб ўтди. Жумладан, Мирзаобод туманидаги “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғинида сайлов “Сайлов ҳуқуқшуноси” акцияси доирасида тушунтириш-тарғибот ишлари билан бошланди.

Фото: ЎзА

Сайловга келган фуқароларга “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонун мазмун-моҳияти, унга кўра сайлов қонунчилигига киритилган янгиликлар бўйича батафсил тушунчалар берилди.

– Сайловчилар ўзларининг сайлов ҳуқуқидан фойдаланиб, маҳалла етакчилигига муносиб номзод танлаш имкониятига эга эканлиги ҳам атрофлича тушунтирилди, – дейди Мирзаобод тумани адлия бўлими бошлиғи Ҳ.Аҳмедов.

“Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини раислигига шу ҳудудда истиқомат қилувчи икки кишининг номзоди кўрсатилди. Сайлов уюшқоқлик билан ўтди. Маҳалла фуқаролар йиғини раислигига кўрсатилган икки номзодга берилган овозлар саноқ комиссияси томонидан санаб чиқилди. Сайловда иштирок этганларнинг 81 фоизи маҳаллани айни пайтга қадар бошқариб келаётган Ўктам Кенжаевни ёқлаб овоз берди ва у уч йил муддатга маҳалла фуқаролар йиғини раиси лавозимига қайта сайланди.

А.Қаюмов, ЎзА

Report Page