Бизга қаҳрамонлар керак...

Бизга қаҳрамонлар керак...

@Sirdaryo
Фото: Адлия бошқармаси

Киши ёши улғайгани сари дунёни ўзгача нигоҳ билан кузатишга интилади. Бу биринчидан, ёшнинг улғайиши билан боғлиқ бўлса, иккинчидан тажриба ва кузатмаларнинг теранлашиб боришидан далолат бўлса керак.

Эътибор берганмисиз, кўча-кўйда дунёнинг ғам-ташвишларидан холи бўлиб, фақат ўйин билан банд бўлган, атрофидаги ҳар қандай жиддий ҳолатларни ҳам у қадар эътибор билан кузатмаётган гўдакларни.

Бу гўдакларга ғам-ташвишлар бегона. Лекин ана шу гўдаклар ҳам, кексалар ҳам, ҳаттоки бутун миллатнинг ҳаёти бугун хавф остида. Мана шуларни ўйлаганда, халқимиз бошига тушган бу таҳликага умуман беэътибор, аксинча тирикчилик ташвишидан ташқари бу вазиятдан унумли фойдаланиб қолишга уринаётган инсонларни кўриб ҳайратинг ошади. Арзимаган ҳизмати эвазига отнинг калласидай нарх сўраётган такси ҳайдовчиси, рўзғорга доимий зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотларининг нархини ўзи хоҳлаган тарзда ошириб сотаётган савдо ходимлари шулар жумласидандир.

         Муҳтарам Президентимиз халқимизга қилган мурожаатларида бирдамликка, аҳилликка бежиз чорлаган эмаслар. Зотан, бугунги синов кунларида бирдамликнинг аҳамияти жуда катта. Айниқса, бу балонинг ҳар дақиқада фарзандларимиз – миллат ворисларининг ҳаётига хавф солиб турган бир паллада юқоридаги каби нопок кимсаларнинг қилмишлари унутилармикан?

Фото: Адлия бошқармаси

         Куни кеча фарзандим: “Дадажон, Коронавируснинг расмини чиздим”, деб қолди. Қани кўрайчи, қандай чизибсан, деб суратни томоша қилдим. Унда Коронавирус даҳшатли дев шаклида чизилган бўлиб, ўзимизнинг Турон ботир унга қилич уриб тургани тасвирланган эди. Томоғимга бир нима тиқилгандай бўлди.

Дарҳақиқат, халқимиз азал-азалдан бежизга Алпомиш, Турон ботир, Гўрўғли сингари афсоний ботирлар ҳақида ривоятлар тўқимаган. Бу қаҳрамонларнинг қилган ишлари замирида халқнинг оғир, кулфатли кунларида корига ярайдиган кишилар тимсоли мужассам.

Бугун бизга шу каби Алпомишлар, Турон ботирлар зарур. Бу ҳамма – сиз, мен, ҳар бир фуқаро бўлиши мумкин. Зотан халқнинг ўзи  қаҳрамон. Шоиримиз айтганидек, “Халқ – денгиздир, халқ – тўлқиндир, халқ – кучдир”. Шу маънода мен сиз азиз ватандошларимни қаҳрамонликка, маънавий жасоратга чорламоқчиман.

Кўча-кўйда мақсадсиз кезиб юрган, уйда маънили бир ишнинг пайида бўлмаган инсон – халқнинг душманидир. Президентимиз бежизга “Карантин қоидаларини бузган инсоннинг қилмиши халққа, ватанга, энг ёмони ўз оиласи ва яқинларига хиёнатдир”, деб таъкидламадилар. Шуни унутмайликки, бизнинг ҳар бир яхши амалимиз, биринчи галда ўзимиз ва бизнинг яқинларимизга бўлади.                                                                      

Жаҳонгир Шомирзаев,

Боёвут тумани адлия бўлими бошлиғи

Report Page