Мурожаатчининг муаммоси нечоғли жиддийлигини унинг саломиданоқ билиш мумкин

Мурожаатчининг муаммоси нечоғли жиддийлигини унинг саломиданоқ билиш мумкин

@SirdaryoXabarlari
Фото: Халқ Сўзи Online

“Халқ сўзи Online”. Аҳмадали Шерназаров/Сирдарё. “Кейинги пайтда аҳолининг ҳуқуқшуносларга мурожаатлари кўпайиб бормоқда, - дейди психолог, Гулистон давлат университети ўқитувчиси Камола Хамроқулова. - Фуқаролар қонунларни билиш,бу борадаги янгиликлардан хабардор бўлиш, шахсий ҳаётида дуч келаётган муаммоларни ечишда ҳуқуқшунослар кўмагидан кенг фойдаланишмоқда. Уларнинг ҳузурига ҳар куни турли феъл-атвордаги фуқаролар ташриф буюришади. Шу боис касб этикаси ҳар қандай ҳолатда ҳам улардан хушмуомала бўлишни, мурожаат қилаётган фуқаронинг ҳолатини тушуниб, муаммосини ҳал этишда ёрдам беришни талаб этади. Бу борада қабулга ташриф буюрган фуқаронинг ташқи кўриниши, ўзини тутиши, остонадан кириб келиши ёки салом беришиданоқ муаммоси нечоғли жиддий ёки жиддий эмаслигини аниқлаш мумкин. Шу билан биргаликда қабул қилувчи гапиргандан кўра тинглаб кўпроқ маълумот олиш, яъни баъзи кишилар фақат ўзларини эшитишларини хоҳлаши ва оддий суҳбатдош сифатида уларни тинглаб, сўнгра муаммосини ҳал қилиб бериш усуллари ҳам яхши самара беради. Фақат эътиборли бўлинса, бас”.


Сирдарё вилояти адлия бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган “Мулоқот маданияти” деб номланган икки кунлик машғулотларда Гулистон давлат университети психолог-ўқитувчилари Камола Хамроқулова ва Шоира Файзиева тизим ходимларига аҳоли билан мулоқотнинг ана шундай ўзига хос жиҳатлари ҳақида тушунчалар беришди, турли психологик тестлар ўтказилди.

– Давлат органлари ва ташкилотлари раҳбар-ходимлари ва аҳоли ўртасидаги мулоқотлар тобора очиқлик, шаффофлик касб этяпти, - дейди Сирдарё вилояти адлия бошқармаси ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи Зебо Ҳайдарова. – Энг муҳими бу яқинлик аҳолини қийнаб келаётган турли муаммоларга ечим топишда мустаҳкам асос бўлмоқда. Айни чоғда қабуллар самарадорлигини оширишда касб маҳорати билан бирга муомала маданияти ҳам катта аҳамиятга эга эканлиги амалиётда ўз аксини топмоқда. Шунинг учун ҳам “Мулоқот маданияти” тадбирлари ҳар бир меҳнат жамоаларида ўтказилиши мақсадга мувофиқ деб ўйлайман.

Report Page