Ширин шаҳрида ҳарбийлар 15 ёшли қизнинг ҳаётини сақлаб қолди

Ширин шаҳрида ҳарбийлар 15 ёшли қизнинг ҳаётини сақлаб қолди

@SirdaryoXabarlari
Фото: ЎзА

Сирдарё вилояти Ширин шаҳрида жойлашган харбий қисм аскарлари эҳтиётсизлик оқибатида каналда оқиб кетаётган қизнинг ҳаётини сақлаб қолди. Бу ҳақида ЎзА хабар бермоқда.

– Шу йилнинг 18 март куни кечқурун сафдошим Дилмурод билан ҳарбий қисм кириш дарвозаси олдида навбатчилик хизмати вазифасини бажараётган эдик, – дейди оддий аскар Музаффар Эргашев. – Бир пайт яқинимиздаги канал томондан “Ёрдам беринглар, қутқаринглар...”, деган овоз элас-элас қулоғимга чалинди. Навбатчилик постини шеригимга топшириб қўлимда фонарь билан канал томонга югурдим. Каналга етиб келгач, фонарь ёруғида қарасам сувда кимдир бир кўриниб, бир кўринмай оқаяпти. Рация орқали дарров ҳарбий қисмга хабар бердим. Тезликда ёрдамчи кучлар келди ва қизни соғ-саломат қутқариб олдик.

Юқорида келтирилган ҳодисанинг гувоҳи бўлган фуқаронинг айтишича, аскарларимизга ҳарбий машғулотлар давомида олинган билим ва кўникмаларда орттирилган тажрибалар қўл келди. Улар ноқулай об-ҳаво шароитига қарамасдан, эни 110 метрни ташкил этадиган Жанубий Мирзачўл канали устидан 5 метр баландликдан кесиб ўтган қувурга осилган ҳолда жонли нарвон ҳосил қилиб, секундига 20-25 метр шамол тезлигида сувга тушмасдан, шиддатли сув оқимида оқиб келаётган қизни ҳеч қандай талофатсиз қутқариб қолди. Ҳарбийларимиз Ватанимиз сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш билан бир қаторда ҳар бир фуқаронинг ҳаёти учун масъул эканликларини яна бир бор исботлашди.

Халоскор ҳарбийлар Музаффар Эргашев, Дилмурод Якубов, Акрамжон Ўктамов ва Ҳабибулло Абдукаримовлар Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондони Зокиржон Сайфуддинов томонидан фахрий ёрлиқ ва командирлик соатлари ҳамда Ширин шаҳар ҳокими Илҳомжон Бегалиев томонидан ташаккурнома ва китоблар жамланмаси билан тақдирланди.

Бугунги кунда қизнинг аҳволи яхши. Ота-онаси қизини ҳаётини сақлаб қолган халоскор ҳарбийлардан чексиз миннатдор.

Report Page