Сирдарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мавлонов Абдуҳаким Темирович соҳага оид келиб тушган саволларга жавоб берди

Сирдарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мавлонов Абдуҳаким Темирович соҳага оид келиб тушган саволларга жавоб берди

@Sirdaryo
Мавлонов Абдуҳаким Темирович

Солиқ органларига тааллуқли масалалар юзасидан келиб тушган саволлар ва уларга жавоблар

1. Савол: Уйдан чиқмаган ҳолда мол-мулк ва ер солиқларини тўласа бўладими?

Жавоб: Албатта, Давлат солиқ қўмитаси томонидан “SOLIQ” мобил иловаси амалиётга жорий қилинди, мазкур дастур ёрдамида солиқларни тўлаш имконияти тақдим этилган. Бундан ташқари Payme, Click, U-pay, Paynet ва банк мобил иловаси орқали тўловларни амалга оширсангиз бўлади.

2. Савол: Корхонамиз солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни мунтазам тўлаб келади, лекин ҳозирги шароитда айрим солиқлар тўлашда қийинчиликлар пайдо бўляпти, мазкур шароитда солиқ органлари томонидан солиқ қарзларини мажбурий ундириш чоралари кўриладими?

Жавоб: Президентимизнинг 2020 йил 19 мартдаги 5969-сонли Фармонлари билан солиқ органлари вақтинча қийинчиликларни бошдан кечираётган хўжалик юритувчи субъектларга мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича пенялар ҳисобланишини тўхтатиб турилиши, шунингдек, солиқ қарзини мажбурий ундириш чораларини кўрмаслиги белгилаб қўйилди.

3. Савол: Якка тартибдаги тадбиркорман, карантин даврида фаолиятимни тўхтатишга тўғри келди, менга солиқлар ҳисобланадими, агар шундай мен нима қилишим керак.

Жавоб: Президентимизнинг 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сонли Фармонларида карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қатъий белгиланган суммасини ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилади. Бунда фаолиятни тўхтатганлик тўғрисида солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали давлат солиқ хизмати органлари хабардор қилинади ва давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисида гувоҳномани топшириш талаб этилмайди.

4. Савол: Эшитишимга қараганда солиқ тўловчиларнинг фаолиятида солиқ текширувлари ўтказилиши бўйича мораторий даври узайтирилибди, шу ҳақида маълумот берсангиз.

Жавоб: Президентимизнинг 2020 йил 19 мартдаги 5969-сонли Фармонлари билан 2021 йил 1 январга қадар тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини солиқ аудитидан ўтказиш тўхтатиш белгиланди, лекин жиноят ишлари доирасида ва юридик шахсни тугатиш муносабати билан солиқ аудитидан ўтказиш бундан мустасно эканлиги келтириб ўтилган.

5. Савол: Ишлаб чиқариш учун ташкил этилган корхонамизга асбоб ускуналарни ўрнатилиши кечикяпти, ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланмаётганимиз учун амалдаги тартибга кўра солиқ ставкаси оширилган миқдорда ҳисобланадими?

Жавоб: Президентимизнинг 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сонли Фармонларида фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотларга, шу жумладан 2020 йил 1 апрелга қадар аниқланганларга нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг оширилган ставкаларини қўллаш, шунингдек, кўрсатилган солиқлар бўйича оширилган ставкаларни қўллаш натижасида юзага келган қарздорликка нисбатан пеня ҳисоблаш ва мажбурий ундириш чораларини кўриш тартиби тўхтатилади.

6. Савол: Ишлаб чиқариш корхонасида товар реализацияси хажми камайганлиги сабабли корхонада молиявий қийинчиликлар юзага келмоқда, шундай шароитда имтиёзлар жорий қилинганми?

Жавоб: Президентимизнинг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сонли ҳамда жорий йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сонли Фармонлари қабул қилиниб, унда имтиёз ва преференциялар бериш назарда тутилган.

Жумладан: мол-мулк, ер ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларни тўлаш 6 ой муддатга кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш тартиби қиритилди;

- айрим соҳалар, масалан, туризм корхоналари йил якунига қадар ер ва мол-мулк солиғи тўламайди, ижтимоий солиқни эса амалдаги 12% ўрнига 1% ли ставкада тўлайди;

- кичик бизнес субъектларининг товар айланмаси 1 млрд сўмгача бўлган ҳолда ҚҚСни ҳар ойда эмас, 3 ойда бир марта тўлайдиган бўлди;

- товарларни сотиш ҳажми 50 фоиздан кўпроққа камайган тақдирда, ижтимоий солиқни тўлаш 1 октябргача кечиктирилади ва кейинчпалик 6 ойда бўлиб-бўлиб тўланади. Ушбу имтиёздан фойдаланиш учун шахсий кабинет орқали солиқ идорасига хабарнома юбориб қўйиши лозим бўлади.

Report Page