ПРОПИСКА: ИЧКИ МИГРАЦИЯНИ ЭРКИНЛАШТИРИШ УРБАНИЗАЦИЯ ЖАРАЁНЛАРИНИ ЖАДАЛЛАШТИРИШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИДИР

ПРОПИСКА: ИЧКИ МИГРАЦИЯНИ ЭРКИНЛАШТИРИШ УРБАНИЗАЦИЯ ЖАРАЁНЛАРИНИ ЖАДАЛЛАШТИРИШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИДИР

@Sirdaryo
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси

“Юрагимдаги бир ниятимни сизларга айтмоқчиман. Ҳаммамиз ҳам ўз вақтида уй олиш, пропискага ўтиш бўйича муаммоларга дуч келганмиз, 50-60 ёшдаги ўрта ёш вакилларини, айниқса, Тошкентга ёки катта шаҳарларга келиб ишлайман деганларни ҳаётида энг қийнаган нарса — уй ва прописка эди. Менинг энг катта ниятим шуки, ватанимиз ичра ҳар бир инсон, ўзининг кичик ватанига – уй-жойига эга бўлса, биздан халқимиз ҳам, Яратган ҳам рози бўлади”, деган эди президентимиз жорий йилнинг 25 январь куни парламентга қилган мурожаатномасида.

Ва ўша мурожаатномада “парламент ва ҳукумат 2020 йил 1 апрелига қадар прописка тизимини ислоҳ қилиш бўйича халқаро тажрибани ўрганиб чиқиши ва аниқ таклифларни ишлаб чиқиши лозим” дея топшириқ берган эди давлатимиз раҳбари.

Прописка масаласини ислоҳ қилиш урбанизация жараёнларини жадаллаштирган ҳолда ҳудудларни комлекс ривожлантириш ва аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратишда муҳим омил бўлади.     Асосий ишчи кучи яшайдиган ва иш ўринлари яратилаётган ҳудудларимиз ўртасида жуда катта тафовут мавжуд. Бунинг ечими ички миграцияни эркинлаштиришдир.

 Қолаверса, юртдошларимизнинг Ўзбекистон Республикасининг хоҳлаган жойида пропискадан ўтиб, хоҳлаган жойида ишлашининг қонуний асосини яратишга эътибор қаратган эди президент.

Яқинда эълон қилинган прописка тизимини соддалаштиришга оид лойиҳани ўқиб, киритилаётган ўзгартишлардан жуда хурсанд бўлдим.

 . Айниқса, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун Тошкент шаҳри ва вилоятида кўчмас мулкни олишда ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш ҳамда янги қурилган уйларнинг олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун давлат божининг алоҳида ставкасини тўлаш ҳақидаги талаблар бекор қилинаётганлиги мени қувонтирди. 

Рости, ўзим туманда яшайман ва туманда ишлайман. Фарзандларим ҳам ўзи туғилиб ўсган ҳудудда яшаб, ишлашади.

 Аммо, кун келиб, улар Тошкент шаҳрига бориб яшаш ва ишлашни хоҳлашса, бунинг учун тўсиқ бўлмаслигини хоҳлайман, албатта.

 Яна бир жиҳати - ижарада турган фуқароларнинг вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш муддати 1 йилдан 5 йилгача узайтирилиши жуда маъқул.

 Бу нарса жуда кўп сарсонгарчилик ва қонунбузилишларнинг, айниқса, коррупциянинг олдини олади.

 Шу билан биргаликда доимий рўйхатни расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига штамп босиш амалиётидан воз кечиш ва мазкур жараёнларни рақамлаштириш, доимий рўйхатга олишни расмийлаштиришда аввалги яшаш жойидан мустақил рўйхатдан чиқиш тартиби, ҳамда ҳарбий хизматга мажбурларнинг доимий рўйхатга туришдан олдин ва кейин ҳарбий ҳисоб учун мудофаа бўлимларига бориш тартиби бекор қилиниб, ушбу жараёнлар идоралараро электрон дастур орқали амалга оширилиши фуқароларимиз учун катта қулайликлар яратади.

. Ривожланган мамлакатларда бўлгани каби, хизмат кўрсатиш, рўйхатга олиш ва чиқариш каби хизматларни электронлаштириш одамларнинг вақтини ҳамда асабини тежайди.

Турсунбой Каримов,
Оқолтин туман адлия бўлими бошлиғи

Report Page