“Китоб челленж”: Дилшунос Абдуллаева ўзи таълим олган мактаб ўқувчиларига китоблар совға қилди

“Китоб челленж”: Дилшунос Абдуллаева ўзи таълим олган мактаб ўқувчиларига китоблар совға қилди

@SirdaryoXabarlari
Фото: adolat.uz

Юртимизнинг барча ҳудудларида бўлиб ўтаётгани каби Сирдарё вилоятида ҳам “Ўзим ўқиган мактабимга менинг китоб туҳфам” акцияси ташкил этилди. Гулистон шаҳридаги “Юрт байроғи” майдонида байрам танатанаси тарзида бошланган ушбу акцияда вилоятнинг барча ташкилот ва идоралари раҳбар ходимлари қатнашди. Шу жумладан, “Адолат” СДПдан халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари ва ходимлари ҳам ушбу акцияда ўз фаолликларини намойиш этишди.

Бу акция ўтказилишининг бир қувонарли жиҳати барча ташкилот ва идоралар раҳбарлари, ходимларининг ўзлари таҳсил олган мактабларига китоблар жамланмасини тақдим этаётганлигидир. Албатта, бу каби акцияларнинг ташкил этилиши мактаб ўқувчилари учун энг яхши совға бўлиши билан баробарида ёш авлод маънавиятини ўстиришга хизмат этиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Байрам тантанасидан сўнг мактабларга китоблар тақдим этувчи барча раҳбар ва ходимлар ўзлари сабоқ олган мактаблари томон йўл олишди. Депутатларимиздан Мавлуда Алтмишева, Дилфуза Умерова ва вилоят партия ташкилоти раиси Дилшунос Абдуллаева ҳам ўзлари ўқиган Гулистон шаҳридаги 11-умумтаълим мактаби ҳамда Мирзаобод туманида жойлашган 22-умумий ўрта таълим мактабига совға учун аталган ўз китоб жамланмаларини тақдим этишди.

Дилшунос Абдуллаева, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши раиси:

Бўлиб ўтаётган ушбу хайрли акцияга ҳисса қўшиш ҳамда ўзимиз ўқиган мактабларга китобларни ҳадя этишда бизнинг партия фаолларимиз ҳам жонбозлик кўрсатишмоқда. Барчамизнинг мақсадимиз эса муштарак, яъни китоб совға қилиш билан бизга сабоқ берган мактабимиз олдида ўз бурчимизни адо этиш, бу эсдалигимизни ўзимиздан кейинги авлодларга қолдириш орқали ўқувчиларнинг маънавий дунёсини шакллантириш, маърифат улашишга хизмат қилишдир.

Айтиш жоизки, шу куни акция муносабати билан Сайхунобод туманида “Китобсеварлар кўргазмаси” ҳам ташкил этилди.

Бу каби акциялар вилоятнинг қолган туман ва шаҳарларида ҳам давом этмоқда.

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сирдарё вилоят Кенгаши
матбуот котиби

Report Page