ЭЛ БОШИГА ИШ ТУШГАНДА

ЭЛ БОШИГА ИШ ТУШГАНДА

@Sirdaryo
Уйда қолинг!

Гулистон шаҳри Сайқал маҳалласида яшовчи Абдураҳмоновлар оиласи томорқадан унумли фойдаланиш ҳадисини олган. Оила бошлиғи Шавкат Абдураҳмонов Сирдарё вилояти транспорт бошқармасида бош мутахассис бўлиб ишлайди. Турмуш ўртоғи Роза опа “Саноатқурилишбанк” филиали ходими. 

Шавкат ака қизи Дилнозани касб-ҳунарли қилиб, узатди. Ўғли Шерзод “Иккиламчи қора метал” корхонасида ҳисобчи бўлиб ишлайди. Уни Рамазон ойигагача тўй қиламиз, уйлантирамиз, деб турган жойларида коронавирус пандемияси деган бало чиқиб тўй карантиндан кейинга сурилди.

Фото: Фурқат ТОШМАТОВ / ЎзА

– Кўпга келган тўй, худо хоҳласа халқимиз бошига тушган бу синовли кунлар ҳам ортда қолади, – дейди Шавкат Абдурахмонов. – Эл бошига иш тушиб турган бир пайтда, тўй кўнгилга сиғармиди, дейсиз. Бир кун аввал бўлмаса, икки кун кейин, деганларидек, яхши кунлар келишига ишонаман. 

Тунов куни Президентимизнинг халққа қилган навбатдаги, янглишмасам учинчи мурожаатларини бутун оиламиз билан тинглаб, томоша қилдик. Жуда куйиниб, бутун қалб, вужудлари билан гапирди. Давлатнинг энг катта раҳбари шунчалик жон куйдираётган бир пайтда, баъзи нокасларни қилаётган иши умуман одамгарчиликка тўғри келмайди. Давлатни ҳисобидан сенларни хориждан олиб келган бўлса, жой бериб, овқатингни, тиббий ҳимоя воситаларингни, зарур бўлса дори-дармонингача ҳукумат бюджетидан бераётган бўлса, уйингдаги бола-чақанга, кўпчилик оилаларда йўқ 16 турдаги озиқ-овқат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларигача уйинга олиб бориб тарқатаётган бўлса, нокас бўлмасанг карантиндан ҳам қочиб, ўзингни ҳам, яқинларингни ҳам, бошқаларни ҳам саломатлигини хатарга қўясанми, ноинсоф?!. 

Фото: Фурқат ТОШМАТОВ / ЎзА

Биздан талаб қилинадигани нима, бор-йўғи бутун оила аъзоларимиз билан уйда ўтириш, ўзимизни, фарзандларимизни, яқинларимизни саломатлигини асраш. Томорқанг бўлса, айни экиш пайти, чоп, 5-10 тупдан помидор, бодринг, бақалажон ва ҳоказо эк, эртага ҳосилини ўзинг бола-чақанг билан ейсанку. Қиларга ишинг бўлмаса, телевизор томоша қил, ана 20 йиллаб берилмаган фильмлар намойиш этилмоқда. Уйингда китобларинг бўлса ўқи, бўлмаса ёки кўзинг ўтмаса, ана Ўзбекистоннинг каналларига қўй, шунақа қироат билан китоб ўқиб беришяптики, тинглаб, мазза қиласан. Талаба ёки ўқувчи фарзандинг бўлса, дарсларни шундай ажойиб қилиб тушинтиришаяптики, керак бўлса бирга ўтириб томоша қилсанг ҳам зарар қилмайсан. 

– Шу сабабдан Тошкент вилоятида “дом”да яшайдиган қизимизни 2 набирам билан карантин бошлангандан уйга олиб келтирдим, – дейди Роза Абдураҳмонова суҳбатга аралашиб. – Катта набирам Юлдуз интернет тармоғи орқали бериладиган дарсларини қизим билан ўтириб, биз ҳам берилиб томоша қилаяпмиз. Тўғриси, фанлар бизни давримиздагидан тубдан ўзгариб кетибди. Яна шунақа қизиқарли ўтишаяптики, мен ҳам худди ўқувчилардек маза қилиб тинглаяпман. Набирам, “Бувижон сиз ҳам дасрларни менга қўшилиб ўқияпсизми?” дейди ҳайратимни кўриб.

– Дадам билан укам Шерзоджон лимонаримизда ишлашади, мен ойим билан уй ишларини қиламиз, уларга қарашамиз, – дейди қизлари Дилноза. – 4 ёшли ўғлим Сардорбек, эртак китобларни ўқиб беринг деб, бувисини жон ҳолига қўймайди. Яна футбол ўйнашни яхши кўради. Буваси, тоғаси томорқа юмушларидан бўшаганда биргаликда футбол ўйнайди.

Фото: Фурқат ТОШМАТОВ / ЎзА

Дарвоқе, Шавакт аканинг 6 сотихли иссиқхонасидаги “олимпийский” навли лимон барқ уриб яшнаб турибди. Ўтган йили ана шу ёш лимон навдаларидан 800 килога яқин ҳосил териб олишибди. Бозорда лимоннинг донаси “фалон” пулдан, анча-мунча даромад қилгандир, деб ўйлаётгандирсиз. Йўғ-да.

– Дадам раҳматли, “Боғингдаги мевада қўшнингни ҳам ҳаққи бор” дер эди, – дейди Шавкат Абдураҳмонов. – Шу сабаб бир дона ҳам лимонни сотмадик. Қариндош-уруғларга, қўни-қўшнига улашдик. Бу хонадонда, карантин даврида ҳеч биримиз кўчага чиқмаймиз. Бир ҳафтада қилинадиган бир бозорни Шерзоджон қилиб келади. Лекин мендан тортиб, кенжа набирам Сардорбеккача ҳеч ким бекор ҳам ўтирмайди.

А.ҚАЮМОВ, мухбир
Ф.ТОШМАТОВ (сурат), ЎзА

Report Page