ЭЛ БОШИГА ИШ ТУШГАНДА

ЭЛ БОШИГА ИШ ТУШГАНДА

@Sirdaryo
Фото: ЎзА

Сирдарёда “Меҳр карвони” йўлга чиқди

Кўплаб саҳоватпеша фуқароларимиз мамлакатимизда коронавирус пандемияси тарқалишини олдини олиш мақсадида жорий этилган карантин даврида халқимизнинг азалий қадриятлари – муҳтожларга хайр-эҳсон улашиш, мурувват кўрсатиш каби ўзбекона қадриятларга содиқ қолиб, бирлашган ҳолда кўплаб эзгу ишларни амалга оширмоқда. Бу қадриятлар замирида инсоний муносабатлар занжири, миллатларнинг ўзаро тотувлиги мужассам десак, муболаға бўлмайди.

Беморлар ҳолидан хабар олиш, эҳтиёжманд, кам таъминланган, оиласида ногиронлиги бўлган, ўзгалар ёрдамига муҳтож, якка-ёлғиз қариялар, боқувчисини йўқотган инсонлар ҳолидан хабар олиш каби хайрли ишлар республикамизнинг ҳар бир қишлоғу маҳалласи, шаҳару туманидаги каби Сирдарё вилоятида ҳам изчиллик билан олиб борилмоқда.

Бугун инсониятни ўз исканжасига олмоқчи бўлаётган коранавирус – халқимизни янада сергакликка, бирдамликка, жипсликка чорламоқда. 

Халқимизда ҳар қандай ёмон куннинг ортидан яхши кунлар ҳам келади, деган гап бор. Ана шу синовли кунлардан соғ-омон чиқиш мақсадида вилоят ҳокими Ғофиржон Мирзаевнинг ташаббуси билан бошланган “Биз биргамиз” акцияси бутун Сирдарё бўйлаб кенг қулоч ёйиб, эл бошига иш тушганда саховатпеша сирдарёликлар ҳам бир-бирларига ёрдам қўллини чўзиб, карантинни бирдамликда, ҳамжиҳатликда ўтказишга бел боғлаган.

Фото: ЎзА

Ўзбекона анъанага мувофиқ ҳар бир хайрли иш одатда нуроний отахону онахонларнинг дуоси билан бошланишида ҳам бир ҳикмат мужассам. Шу сабаб, Боёвут тумани ҳокими Дилфуза Ўролова бошчилигидаги “Меҳр карвони” Лайлаккўл маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи салкам 100 ёшни қоралаётган пиру бадавлат отахон Абдулла бобо Мамараимовнинг дуосию Ижодкор маҳалласида истиқомат қилувчи 94 ёшли Сожида момо Бегалиеванинг тилак истаклари билан белгиланган манзиллари сари йўлга чиқди.

Нуронийлар сафар олдидан “Меҳр карвони”га оқ фотиҳа бераркан, халқимиз бошига келган бу балони ўзбекона урф-одат ва қадриятимиз билан енгишда Яратганнинг ўзи мададкор бўлишини, бугунги хайр-саховат ишларига бош-қош бўлиб турган Президентимизга миннатдорлик билдирди. Халқ учун жон куйдираётган ҳар бир раҳбару тадбиркор, фермер ва саховатпеша инсонларга куч-ғайрат ва шижоат беришини, юртимиз фуқароларга эса тангрининг ўзи сабр-тоқат беришини сўраб дуо қилди.

Эл бошига иш тушганда ташкил этилган ушбу “Меҳр карвони” туман ҳокимлиги, сектор раҳбарлари, “Beton sanoat”, “Boyovut texno cluster” масъулияти чекланган жамиятлари, тумандаги саховатпеша тадбиркорлар томонидан амалга оширилди. Карвон тумандаги 500 хонадонда, жумладан, ижтимоий муҳофазага муҳтож, карантиндаги тиббий кузатувга олинган оилалар, эпидемия сабабли умумий овқатланиш ва бошқа хизмат кўрсатиш шохобчаларининг вақтинча ёпилиши оқибатида ишсиз, даромадсиз қолган хотин-қизлар, ҳозирги кураш майдонида толмай меҳнат қилаётган тиббиёт ва санитар ходимлари, дезинфекция ишларида жонбозлик кўрсатаётган мутахассислар, азиз жонини хатарга қўйиб, халқимизга ризқ-рўз яратиш мақсадида далаларда ғалла парваришлаб, чигит экаётган сувчи-мироб, механизатор, оператор, сялкачи ва бошқаларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, санитария-гигиена ва антисептик воситалар улашилди.

Эл бошига иш тушганда ташкил этилган ана шундай “Меҳр карвони” вилоятнинг бошқа туман ва шаҳарларида ҳам изчиллик билан амалга оширилмоқда.

А.ҚАЮМОВ, Ф.ТОШМАТОВ (сурат), ЎзА

Report Page