НЕГА ЭНДИ ВИРУСДАНМАС, ТАЪҚИҚДАН ҚЎРҚИШИМИЗ КЕРАК?

НЕГА ЭНДИ ВИРУСДАНМАС, ТАЪҚИҚДАН ҚЎРҚИШИМИЗ КЕРАК?

@Sirdaryo
Фото: Google Images

Ҳозир ҳамма ўз ҳолича, деярли ҳамма  “Telegram” тармоғига уланган, ахборотлар турлича, "миш-миш"лар кўпайди, “бозорлар ёпилармиш”, каби асоссиз хабарлар оқибатида, кўп жойларда аҳолимизнинг тинчлиги бузилди.

Бозорлар ишлайди, озиқ-овқат заҳираси етарлича шакллантирилган.

Коронавирус нимаси билан хавфли деб ўйлайсиз?

Аслини олганда, вируснинг ўзи у қадар қўрқинчли эмас, оғирлик даражаси, ўлим эҳтимоли юзасидан бир қатор оддий, биз билган ва биз қўрқмайдиган касалликлардан кўп ҳам фарқ қилмайди. Аммо бутун дунёни мана шундай вазиятга келтириб қўйган омил — коронавируснинг осон юқувчи экани ҳамда касалликнинг дастлабки босқичларининг яширин ўтишидир.

Бинобарин, биз шу пайтгача ҳавас қилиб келган ва молиявий томондан бақувват ҳисобланган АҚШ, Италия, Испания, Франция, Германия ва Швейцария каби мамлакатларки, бу вирус билан курашда катта қийинчиликларга дуч келишмоқда экан, биз каби медицина ва ижтимоий таъминот даражаси етакчи бўлмаган давлатларда коронавирус билан курашиш янада қийинлашиб кетади.

Шунинг учун ҳам, энг аввало, вазиятни назоратдан чиқармасликка уриниш бугунги ҳолатда энг тўғри қарор ҳисобланади.

Аҳолининг ҳаракатланиш имкониятларини чеклаш, имкон қадар уйдан чиқмасликларини таъминлаш, гўёки, уларнинг эркинлигини бўғишдек кўринса-да, бугунги кунда вирус билан курашишда энг самарали йўл сифатида баҳоланяпти ва ҳатто энг демократик давлатлар ҳам бу усулга мурожаат қилишга мажбур бўлишмоқда.

Бироқ, тўғрисини айтишимиз керак, ханузгача айрим фуқароларимиз коронавирус билан курашда карантиннинг ўрни нечоғлик муҳим эканлигини тушуниб етишмаяпти.

Агар эътибор берсангиз, нафақат бизда, балки бутун дунёда ҳам коронавирус вакцинаси, уни даволовчи дорилар, жараёнлардан ҳам кўра, мулоқотни чеклаш, уйда ўтиришга бўлган чақириқлар кўпроқ — мамлакатлар асосий моддий ва тарғибот кучини айнан карантинни амалга оширишга қаратишмоқда.

Демак, вирус билан курашишда энг муҳим қурол ва восита — карантин, яъни, касалликнинг бошқа одамларга юқишини чеклаш ва камайтиришдан иборатдир.

Мисол учун, бугунги кунга келиб, Ўзбекистонда вирусни юқтириб олганлар сони 221 нафарни ташкил қилмоқда. 

Агар муаммо фақат касалларни тузатиш бўлганда эди,  бизнинг нима алоқамиз бор, десак.

Гап шундаки, карантинга олинганлар вирус юқтириб олиши мумкин бўлганларнинг ҳаммаси эмас. Юқорида айтганимиздек, вирус юқтириб олишнинг йўллари кўп ва бу йўлларнинг ҳаммасини назоратга олиш иложcиз. Чунки вируснинг инкубация даври 14 кунгача чўзилади. Касаллик аломатлари мана шу муддат ичида намоён бўлади.

Карантиннинг фойдаси шундаки, ундан «кимлар билан кўришдинг, қаерларга бординг?» деб сўнгги кунлардаги ҳаракатлари сўраб ўтирилмайди, чунки у уйда ўтирган. Фақат оила аъзоларига юқтирган бўлиши мумкин, уларни ҳам текшириб, керакли ишларни амалга ошириш осон. Яъни, бир инсондан вирус юқтириши мумкин бўлганлар – қўшни, меҳмонга келган қариндош, бозордаги сотувчи, корхонадаги ҳамкасб, таксичи, автобусдаги йўловчи, тўйхонадаги таниш, бемор ушлаган темирни ушлаган нотаниш, умуман назорат қилиб бўлмайдиган даражада кўп бўлган юзлаб инсонлар гуруҳи эмас, фақат оила аъзолари қолади, холос.

Албатта, ҳаётий жараёнда ҳаммани уйга қамашнинг иложи йўқ. Кўпчиликнинг бемалол уйда ўтиришларини таъминлаш учун ҳам баъзи касб эгалари кўчага чиқишга, ўзаро мулоқот қилишга мажбур. Шунчаки имкон қадар кўпчиликнинг карантинга амал қилиши коронавирус юқтирадиганларнинг бир неча баробар камайтиришини англаш қийин эмас.

Яна бир ёмон ҳолат, фалон кундан бошлаб, бир жойга тўпланиш таъқиқланади, дейилганда, «шу санадан олдин мумкин, хавфсиз», деган маънони англатмайди. Яъни, 23 мартдан чеклов қўйилса, биз вирус айнан 23 март куни келаркан, 22 март куни хавф йўқ, демаслигимиз лозим. Ахир ўша таъқиқлар ҳам вирусдан чўчиб жорий қилиняпти, нега энди вирусданмас, таъқиқдан қўрқишимиз керак?

Бугунги кун яъни 2 апрель ҳолатига  дунё бўйича 937 170 нафар фуқаролар короновирусга чалинганларни ташкил этди. 193 170 нафар фуқароларнинг соғайишига эришилди. Бироқ, дунё бўйича бугунги кунга келиб 47 231 нафар фуқаролар вафот этганлиги қайд қилинди.

Ҳозирча. Испания, Италия каби мамлакатларда аҳвол жуда ҳам ёмон. Короновирусга чалинган инсонлар сони соат сайин ошиб бормоқда.

Бизнинг асосий вазифамиз  уйда ўтириб, ўзимизни, фарзандларимизни ҳамда ота онамизни эҳтиёт қилишдан иборат.  Илтимос, Уйда қолинг.

Сафарбой Тоғаев,
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари

Report Page