Сирдарё вилоятида йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари билан ўтказилган мулоқот

Сирдарё вилоятида йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари билан ўтказилган мулоқот

@SirdaryoXabarlari
Фото: Сирдарё вилоят прокуратураси

Жорий йилнинг 14 март куни Сирдарё вилоят прокуратураси томонидан Йўл ҳаракат хавфсизлиги бошқармаси ходимлари ўртасида коррупцияга қарши курашиш ва йўл транспорт ҳодисаларини олдини олиш борасидаги фаолиятида йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилинди.

Учрашувда бевосита Президентимиз ташаббуси билан ички ишлар органлари ходимларини иш ва яшаш шароитларини яхшилашга, шунингдек уларни халқ манфаатларига ишончли хизмат қилувчи профессионал тузилмага айлантириш борасида бир қатор ислоҳотлар амалга ошириб борилаётганлиги таъкидлаб ўтилди.

Вилоят ҳудудида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида 2 та онлайн режимдаги, 3 та кўчмас автоматик равишда тезликни қайд этувчи, 14 та муляж фоторадар мосламалари ҳамда пиёдалар ўтиш йўлакларида ҳайдовчиларнинг диққатини жалб этувчи баннерлар, йўлларни ёритиш учун эски турдаги спиралли лампочкалар ўрнига 2697 та янги турдаги “Лед” русумли ёритиш чироқлари ўрнатилган.

Мулоқот давомида бугунги кунда соҳада ижобий ўзгаришлар изчил амалга ошириб борилаётган бир вақтда, йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида қонунбузилиш ҳолатлари ҳамда ходимлар ўртасида ножўя хатти-ҳаракатлар содир этиш ҳолатлари мавжудлиги айтиб ўтилди.

Вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан содир этилган ножўя хатти-ҳаракатлар ва қонунбузилишлар бўйича 377 маротаба хизмат текширувлари ўтказилиб, натижасига кўра 53 нафар ходимлар интизомий жазога тортилган, 21 нафари лавозимидан озод этилиб, 2 нафари ички ишлар органларидан бўшатилган.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари орасида ҳамон коррупцион жиноятлар давом этиб келаётганлиги, фуқароларга нисбатан асоссиз ва ноқонуний маъмурий баённомалар тузиш ҳолатларига барҳам берилмаётганлиги айтилди.

Вилоят прокуратураси томонидан маъмурий қарорларни қонунийлиги юзасидан ўтказилган текширишда 87 та ноқонуний қарорларга протест келтирилиб, бекор қилинди, 55 нафар фуқароларни бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Содир этилган йўл транспорт ҳодисалари юзасидан тегишли чора-тадбирлар етарли даражада амалга оширилмаганлиги оқибатида ўтган йилда вилоят ҳудудида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаларида 65 нафар, жорий йилда 9 нафар фуқаролар вафот этган.

Айниқса, жорий йилнинг 3 март куни «Нексия-2» русумли автомашинаси Ховос тумани ҳудудидан ўтувчи магистрал йўлида «Нексия-3» русумли автомашинасининг олд қисмига урилиб йўл транспорт ҳодисаси содир бўлиши оқибатида 3 нафар шахслар вафот этишган.

Бу аввало, йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан йўл транспорт ҳодисаларини олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг етарли самара бермаётганлигидан далолат беради.

Шу билан бирга муҳокамада йўл қўйилаётган камчиликлар танқид остига олиниб, келгусида шу каби ҳолатлар содир этилмаслиги борасида тегишли чора-тадбирлари белгилаб олинди.

Сирдарё вилоят прокуратураси

Report Page