Интернетдан ғаразли мақсадда фойдаланганларга тегишли тартибда жазо тайинланди

Интернетдан ғаразли мақсадда фойдаланганларга тегишли тартибда жазо тайинланди

@SirdaryoXabarlari
Фото: ЎзА

Андижон шаҳри Майдонбозор маҳалласида яшовчи Н.Воҳидов эндигина 27 ёшни қаршилаган. У ёш бўлса ҳам шаҳридаги корхоналардан бирида бўлим бошлиғи вазифасида ишлайди. Унинг юриш-туришига кўпчиликнинг ҳаваси келади. Бироқ...

Бироқ у интернетда – Тelegram мессенжерида “Билло Воҳидов” профилини очиб, диний ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган махсус номланган маърузани “Doʻstlarim” номи билан ташкил этилган виртуал гуруҳ аъзоларига тарқатган. Бу ҳаракати билан юртимиздаги кўплаб ёшларнинг онгини заҳарлашга уринган.

Андижон тумани Янгиобод маҳалласида яшовчи Ж.Қобилов эса қирқ ёшни қоралаган, уч фарзанднинг отаси. У ҳам ўзининг уяли телефони ҳамда компьютер орқали “оdnoklassniki.ru” ижтимоий тармоғида ўзига нотаниш профиль эгаларидан бири билан дўстлашади. Таниши ёмон иш эмас, лекин нотаниш профиль эгаси томонидан юборилган жиҳод ва шаҳидликка даъват қилувчи, диний ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган аудио ва видео маърузаларини тинглаб, уларни “Дўстлар” гуруҳидаги шахсларга тарқатган.

Андижон шаҳар Маиший хизмат касб-ҳунар коллежида Жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси ўринбосари Адҳамжон Мирзаев раислигида бўлиб ўтган сайёр судда юқоридаги шахсларнинг жиноий иши кўриб чиқилиб, уларга нисбатан тегишли жазо белгиланди.

Суд ҳукмига кўра, уларнинг ҳар иккаласига беш йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Лекин суд инсонпарварлик тамойилларини, уларнинг ўз қилмишларидан пушаймонлигини инобатга олиб ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини, ота-оналари кафиллиги билан жазони шартли деб белгилади, уларга 3 йил синов муддати берилди.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари, кенг жамоатчилик вакиллари, ўқитувчи ва ўқувчилар иштирокида бўлиб ўтган сайёр судда юқоридаги каби хатти-ҳаракатларнинг аянчли оқибатлари, жамиятга, айниқса, ёшлар тарбиясига салбий таъсири, шунингдек, ёшларнинг интернет тармоғидан оқилона фойдаланишлари, бузғунчи ғояларга эргашмаслик хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Ёшларнинг уяли телефон ва компьютерда фойдаланишларини ота-оналар, ўқитувчилар доимий назорат қилиб боришлари зарурлиги айтиб ўтилди.

Сайёр суд мажлисида ҳуқуқшунослар фуқаролар, ёшларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини юксалтириш, қонун устуворлигини таъминлаш, турли иллатларга барҳам бериш, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар келиб чиқишининг олдини олиш бўйича суҳбатлар ўтказди.

Фахриддин Убайдуллаев,

ЎзА

Report Page