«Тўмарису Бибихонимлар авлоди саналмиш ўзбек аёлининг заковати мураккаб муаммоларни ҳал эта олишга қодир кучдир» – Ғофуржон Мирзаев

«Тўмарису Бибихонимлар авлоди саналмиш ўзбек аёлининг заковати мураккаб муаммоларни ҳал эта олишга қодир кучдир» – Ғофуржон Мирзаев

@Sirdaryo
Сирдарё вилояти ҳокимлиги

Аёллари эъзозланган мамлакатда файзу барака, тинчлик-хотиржамлик ҳукмрон бўлади, дейишади. Дарҳақиқат, хотин-қизларга ҳар жиҳатдан ҳурмат-эътибор кўрсатиш, уларни қўллаб-қувватлаш давлатнинг инсонпарварлик сиёсатидан далолат, жамиятда меҳр-оқибатлилик муҳити устуворлигидан дарак.

Мамлакатимизда ҳам хотин-қизларга кенг имконият яратиш, уларнинг ўз салоҳиятини намоён этиши учун зарур шароитлар яратиш, имтиёзлар бериш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айнан ушбу йўналишга қаратилган қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, айни пайтда муайян саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. 

Сирдарё вилояти ҳокимлиги

Жумладан, куни кеча муҳтарам Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга кўтариш ва аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада юксалтириш ва мустаҳкамлаш, уларнинг таълим ва касбий кўникмалар олиши ҳамда бандлигини таъминлашга ҳар томонлама кўмаклашиш бўйича энг долзарб вазифалар белгилаб берилди.

– Бугунги фаровон ҳаётимиз ҳам, ёруғ келажагимиз ҳам аёлларга боғлиқ. Агар халқимиз биздан рози бўлишини хоҳласак, аввало, мўътабар оналаримиз, опа-сингилларимиз учун муносиб турмуш шароитлари яратишимиз керак. Она рози бўлса, оила рози бўлади, оила рози бўлса, жамият рози бўлади, – дея қайд этди Шавкат Мирзиёев.

Сирдарё вилояти ҳокимлиги

Йиғилишда белгиланган чора-тадбирлар ижросини ташкил этиш ва назорат қилиш, кенг оммага етказиш мақсадида Гулистон шаҳридаги вилоят мусиқали драма театрида “Аёлни эъзозлаш – эзгулик ва адолат мезони” шиори остида маданий тадбир бўлиб ўтди.

Сирдарё вилояти ҳокимлиги

Унда секторлар ва тармоқ раҳбарлари, вилоят ижтимоий-сиёсий, сиёсий-иқтисодий ҳаётидаги барча соҳаларда самарали меҳнат олиб бораётган аёлларимиз, қизларимиз, корхона ва ташкилотлар раҳбарларининг оналари ҳамда турмуш ўртоқлари иштирок этишди.

Тадбир аввалида вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев сўзга чиқиб, ўз фикрларини билдирди. 

Сирдарё вилояти ҳокимлиги

– Аёл заковати жамиятнинг энг мураккаб муаммоларидан тортиб, оилавий ташвишлар, рўзғор икир-чикирларини оқилалик билан ҳал эта олишга қодир кучдир. Айниқса, Тўмарису Бибихонимлар авлоди саналмиш ўзбек аёлининг нафосати, латофати, метин иродаси, сабр-бардоши, фидойилиги қаршисида ҳар қанча таъзим бажо айласак, шунча кам. Бугунги кунда Янги Ўзбекистон ибораси билан янгиланаётган давлат ва жамиятимизнинг барча соҳаларини хотин-қизларсиз тасаввур этиш қийин, – деди Ғофуржон Мирзаев.

Сирдарё вилояти ҳокимлиги

Бугунги кунда вилоят аҳолиси 876 минг нафар ташкил этган бўлиб, шундан 473 минг нафари, яъни 49,8 фоизини хотин-қизлар ташкил этди. Ҳукуматимиз томонидан яратиб берилган кўплаб имконият ва шароитлар натижасида хотин-қизларнинг вилоят, жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги ўрни тобора ортиб бормоқда.

Хусусан, фаол меҳнат қилаётган фуқаролар орасида, жумладан, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳасида 17,5 фоизини, молия ва суғурта соҳасида 5,5 фоизини, саноат, савдо, ташиш ва сақлаш, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар соҳаларида 13 фоизини, таълим соҳасида 32,9 фоизини, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасида 26 фоизини, профессионал, илмий ва техник соҳасида 2,6 фоизини, ахборот ва алоқа соҳасида 2,5 фоизини хотин-қизлар ташкил қилмоқда.

Сирдарё вилояти ҳокимлиги

Таъкидланишича, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, оилавий даромадларини ошириш дастурлари асосида 2022 йилда 9 960 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминлаш ҳамда тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида 4926 нафар аёлларга 181 миллиард 989 миллион сўм маблағ ажратилади.

Бундан ташқари йил якунига қадар “Аёллар дафтари”га киритиладиган 14 380 нафар хотин-қизлар билан манзилли ишлаш ва шу асосда 4 476 нафар хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, 1 423 нафар хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш ва уларга кредит олишга кўмаклашиш, 6 900 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларга моддий ёрдам ажратиш, шунингдек уларнинг 475 нафарига томорқасидан даромад манбаи сифатида фойдаланиш учун кўмаклашиш ва 142 нафарининг уй-жойини таъмирлаш ва 602 нафар хотин-қизларга турар-жой ижара компенсациясини тўлаб бериш режалаштирилган.

Ҳудудларда 50 та янги кооперация ташкил этиш орқали 4 793 нафар хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва мавжуд 27 та кооперация фаолиятини кенгайтириш орқали 1 130 нафар хотин-қизларнинг бандлигини таъминланади.

Сирдарё вилояти ҳокимлиги

Тадбир иштирокчилар эътиборига вилоят санъат усталари, ёш хонандалар томонидан тайёрланган концерт дастури, миллий куй-қўшиқлар намойиш этилди. Мунис хотин-қизларга гулдасталар, эсдалик совғалари топширилди.

Report Page