Пахтачида форма киймаган ўқувчини урган ўқитувчи мактабдан ҳайдалди. Унга нисбатан жиноят иши очилди

Пахтачида форма киймаган ўқувчини урган ўқитувчи мактабдан ҳайдалди. Унга нисбатан жиноят иши очилди

@SirdaryoXabarlari
Фото: Дарё

23 февраль куни Самарқанд вилояти Пахтачи тумани 2-умумтаълим мактабининг Ёшларни чақириққача тайёрлаш фани ўқитувчиси Д.Б мактабнинг 11-синф ўқувчиси Ж.Х.ни уриб тан жароҳати етказган. Натижасда Ж.Х.нинг талоғи ёрилиб кетган.

Содир бўлган ҳолат юзасидан «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев журналистик суриштирув олиб борди.

Маълумотларга кўра, Пахтачи туманидаги 2-умумтаълим мактабида ички туризмни ривожлантириш мақсадида синфлар кесимида саёҳат акцияси ташкил қилинган. Ушбу акция шартларига кўра, давомат, тартиб-интизом, билим ва мактаб формасини яхши ташкил қилган синф 1 март куни Бухоро шаҳрига саёҳатга бориши белгиланган. Акцияда мактабнинг 11-синфи етарлича баллни тўплаб, Бухоро шаҳрига бориш имкониятига эга бўлган.

23 февраль куни С.М. 11-синфларга математика фанидан дарс ўтаётганда мактабнинг ЁЧТ фани ўқитувчиси, 1991 йилда Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида туғилган, олий маълумотли Д.Б. ҳамда мактабнинг ёшлар етакчиси, 1995 йилда Навоий вилоятининг Нурота туманида туғилган, олий маълумотли А.Ғ. ўқувчиларнинг формасини кўздан кечириш мақсадида рейд ўтказган.

Ёшлар иттифоқининг Пахтачи туман кенгаши раиси Шаҳоб Ҳалиловнинг маълум қилишича, ўша куни 11-синф ўқувчиси Ж.Х. мактабга спорт кийимида келган. Рейд ташкилотчилари томонидан унга тушунтириш ишлари олиб борилган. Тушунтириш ишлари олиб бориш жараёнида ўзаро жанжаллашиши натижасида ЁЧТ фани ўқитувчиси Д.Б. Ж.Х.нинг қорин қисмига урган.

– Мактабда ёшлар етакчи ўқувчиларнинг давомати, ўқув формаси ва тартиби яхши бўлса, Бухорога бориш акциясини ташкил қилган. Ёшлар етакчиси билан биргаликда ЁЧТ ўқитувчиси ҳам 11-синфга кирган. Ўша куни жабрланувчи формада бўлмаган. Қолаверса, ўқитувчига гап қайтарган. Натижада ЁЧТ ўқитувчиси Д.Б ва Ж.Х ўзаро жанжаллашиб қолган, – дейди Шаҳоб Ҳалилов. — Ўқитувчи ўқувчини тартибга солиш мақсадида урган. Воқеани тўлиқ ўргандик. Мактабнинг ёшлар етакчиси А.Ғ. ўқувчини урмаганлиги ойдинлашди.

Воқеа содир бўлган куни, яъни 23 февраль куни кечга яқин Ж.Х. соғлиғидан шикоят қилиб, туман марказий шифохонасига мурожаат қилган. Шифокорларнинг тиббий хулосасига кўра, Ж.Х.нинг талоқ аъзоси ёрилганлиги аниқланган. 24 февраль куни унга шошилинч жарроҳлик ёрдами кўрсатилган.

Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Элдор Муҳаммадиевнинг маълум қилишича, Пахтачи туман тиббиёт бирлашмасининг малакали мутахассислари томонидан ўз вақтида амалга оширилган жарроҳлик амалиёти натижасида Ж.Х.нинг саломатлиги яхшиланган.

– Туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган Ж.Х.ни шифокорлар тиббий текширувдан ўтказган. Текширув хулосаларига кўра, унинг талоқ аъзоси ёрилганлиги аниқланган. Унга тиббиёт бирлашмасининг мутахассислари томонидан тезда шошилинч жарроҳлик ёрдами кўрсатилган, – дейди Элдор Муҳаммадиев. – Айни пайтда ҳеч қандай асорати қолмаган. Текширув жараёнида боланинг ўпкаси озгина шамоллаганлиги аниқланди. Айни пайтда бу борада ҳам аниқ ташхислар асосида даволаш ишлари олиб борилмоқда. Қолаверса, бемор Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалининг санитар авиация хизмати мутахассиси Азим Улуғмуродов томонидан кўрикдан ўтказилиб, операция стандарт асосида олиб борилганлиги айтилган. Ҳозирда Ж.Х. бош шифокор назоратида.

Пахтачи туман халқ таълими бўлими мудири Вали Мардоновнинг айтишича, 2-умумтаълим мактабидаги ҳолат тўлиқ ўрганиб чиқилиб ЁЧТ фан ўқитувчиси Д.Б. ҳамда ёшлар етакчиси А.Ғ. вазифасидан озод этилган.

Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Ширин Норматованинг маълум қилишича, 23 февраль куни содир бўлган воқеа ўша куннинг ўзида Пахтачи туман ИИБнинг навбатчилик қисмида рўйхатдан ўтказилиб, ИИБ назоратига олинган. Ҳолат юзасидан олиб борилган тергов-суриштирув натижалари кўра, 1 март куни Д.Б.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу модда бўйича айбдор деб топилган шахсга уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади. Ички ишлар вазирлиги ахборотига кўра, Д.Б. ушланган.

Report Page