Томорқа-қўшимча даромад манбаи (Гулистон тумани)
@SirdaryoБугун ерга бўлган муносабат ўзгарди. Бир қарич ердан унумли фойдаланиб яхшигина даромад қилаётган, рўзғорини фаровон, дастурхонини тўкин қилаётган ватандошларимиз фаолияти бунга яққол мисол.
Томорқа хазина деб бежиз айтилмаган. Ҳа, томорқа ризқ-насиба, мўмай даромад манбаи. Унинг даструхонимиз файзу баракаси, аҳоли турмуш фаровонлиги, юрт ободлигини таъминлашдаги ўрни беқиёс. Ҳамма гап ундан оқилона фойдаланишда. Шундай экан, айни экин-тикин мавсумида фурсатни бой бермай, кафтдек ерни ҳам бўш қолдирмасдан экин экиш, ниҳол қадаш, ер-сув ресурслари, яратилган ишлаб чиқариш салоҳиятидан унумли фойдаланиш, пировардида аҳоли бандлиги ҳамда турмуш фаровонлигини таъминлашга мустаҳкам пойдевор яратиш даврнинг талаби.
Гулистон туманида томорқадан муҳим даромад манбаи сифатида фойдаланиб, рўзғорини тўкин, турмушини фаровон қилаётган оилалар кўп.
Бугунги кунда Гулистон туманида 12,5 минг нафар томорқа ер эгаларида 1232 гектар ер майдони мавжуд. Хозирги кунда туманда ахолига хизмат кўрсатиш мақсадида “Хизматлар кўрсатиш” МЧЖ ҳамда “Томорқа хизмати олти” МЧЖ томонидан ахолига сифатли ҳизмат қилиб келмоқда. Шу кунга қадар 137 гектар майдонга тўқсонбости усулида пиёз, саримсоқпиёз ва кўкатлар экилган. Бугунги кунда кўпчилик ўз томорқасидан самарали фойдаланиб, бир йилда 3 мартагача ҳосил олмоқда.
Халқимизга қулайлик яратиш, бир парча ердан ҳам унумли фойдаланиш мақсадида ёшларимиз томонидан инновацион ишланмалар — замонавий, тежамкор иссиқхоналар барпо этиш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Бу қишлоқ шароитида йилнинг тўрт фаслида ҳам томорқадан самарали даромад олиш, бандлик ва турмуш фаровонлигини таъминлашнинг оқилона ечими бўлиши тайин. Шу билан бирга, қатор ҳудудларда кўп йиллардан бери кенг фойдаланаётган усул — траншеяли иссиқхоналар барпо этиш анъанасини бошқа маҳаллаларда ҳам оммалаштириш, кўкатдан тортиб цитрус меваларгача етиштиришни йўлга қўйиш турмуш ободлигини таъминлашга хизмат қилади.
Серҳосил еримиз, даромад олишга кенг ҳовлимиз бор экан, ҳар биримиз томорқа маданиятимизни юксалтириб, хонадонларимизни обод, яшаш шароитимизни намунали тарзга келтирайлик! Дарҳақиқат, юртимиз тупроғининг ҳар қаричи олтинга тенг. Нима эксангиз, унади. Серқуёш заминимизнинг саховати билан пишиб етилган ҳар бир ҳосилнинг таъмини бошқа давлатда учратмайсиз.
Томорқа ризқ-рўз, қўшимча даромад манбаи, бандликни, арзончиликни таъминлашнинг самарали йўлидир.
Гулистон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати