Сувни исроф қилган фермер тўрт миллион сўм жарима тўлади

Сувни исроф қилган фермер тўрт миллион сўм жарима тўлади

@Sirdaryo
Фото: Google Images

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Оқолтин тумани бўлими томонидан туман ҳудудида фаолият кўрсатаётган “А” фермер хўжалигида Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси, “Фермер хўжалиги тўғрисида”, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 19.03.2013 йилдаги “Ўзбекистон Республикасида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 82-сонли Қарори талабларига риоя этилиши юзасидан мониторинг ўтказилган. Мониторинг ўтказиш жараёнида, фермер хўжалиги раҳбари К.Т.  2020 йил суғориш даврида 2020 йил ҳосили учун 98,5 гектар чигит экилган майдоннинг 22,1 гектар майдонига режасиз экинларни (2 гектар ер майдонига қовун, 20,1 гектар ер майдонига супурги) экиб, жами 59,791 м3 сувдан хўжасизларча фойдаланиб, исроф бўлишига йўл қўйганлиги, бу билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 19.03.2013 йилдаги  82-сонли Қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби тўғрисида” Низом талаблари бузилганлиги аниқланган ва тегишли тартибда далолатнома (мониторинг ўтказилганлиги юзасидан) расмийлаштирилган.

Шундан сўнг, инспекциянинг Оқолтин тумани бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 19.03.2013 йилдаги 82-сонли Қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби тўғрисида” Низомнинг 60-бандига асосан 59,791 м3 сувдан хўжасизларча фойдаланганлиги ва исроф бўлишига йўл қўйганлиги учун фермер хўжалигига нисбатан 4 000 000 сўм миқдорида жарима санкцияси қўлланилган. Фермер хўжалиги томонидан жарима санкция ихтиёрий тўлаб берилмаганлиги сабабли инспекциянинг Оқолтин тумани бўлими иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар “А” фермер хўжалигига нисбатан 4 000 000 сўм иқтисодий жарима қўллаш ва ундиришни сўраган. Суднинг 2020 йил 24 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан инспекциянинг Оқолтин тумани бўлимининг даъво аризаси қаноатлантирилиб, “А” фермер хўжалигига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 19 мартдаги 82-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 60-бандига асосан 4 000 000 сўм миқдорида жарима қўлланилган ва қўлланилган 4 000 000 сўм жарима инспекциянинг Оқолтин тумани бўлими фойдасига ундирилган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, амалдаги Ўзбекистон Республикасининг Қонунларига кўра, сув Ўзбекистон Республикасининг давлат мулки — умуммиллий бойлик ҳисобланади, сувдан оқилона фойдаланиш лозим бўлиб, у давлат томонидан қўриқланади. Ундан хўжасизларча фойдаланганлик ва исроф бўлишига йўл қўйганлик учун эса жавобгарлик муқаррар.

Ҳусан Набиев,
Гулистон туманлараро иқтисодий судининг раиси

Report Page