Сирдарёда сайлов қонунчилигига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди

Сирдарёда сайлов қонунчилигига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди

@SirdaryoUZB
Фото: Вилоят адлия бошқармаси

Сирдарё вилояти адлия бошқармасида Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 8 февралдаги “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги Қонунининг мазмун-моҳияти юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда республика марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, ташкилот, бошқарма, ҳуқуқ-тартибот идораларининг ахборот хизматлари раҳбарлари, блогерлар, вилоят сайлов комиссияси аъзолари ва адлия соҳаси мутахассислари иштирок этишди.

Тадбирда сайлов кодексига киритилган ўзгартиришлар, Президентлик сайловининг ўтишида хорижий ва маҳаллий кузатувчиларнинг фаолияти, жараёнларни адолатли ва шаффоф ёритишда ОАВ вакилларининг роли хусусида маълумотлар берилди.

Ушбу қонун билан нафақат бир қатор қонунларга, балки мамлакатимизнинг Бош қомуси – Конституциямизга ҳам баъзи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Эндиликда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоят, туман, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловлар уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – декабрь ойида эмас, балки октябрь ойининг учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланган.

– Мазкур қонунга кўра, сайлов кодексининг янги, яъни чет давлатларда турган фуқароларни сайловчилар рўйхатига киритишга бағишланган 27/1-модда билан тўлдирилиб, хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъий назар сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби жорий этилди, – дейди бошқарманинг Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бўлими бошлиғи Ж.Шомирзаев. – Шунингдек, чет давлатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутиларда овоз беришнинг ҳуқуқий асослари яратилади. Хорижий давлатларда турган фуқароларга сайловчилар рўйхатидаги ўзига тегишли маълумотлар билан танишиш имконияти Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналар расмий веб-сайтлари орқали ҳам таъминланади.

Бундан ташқари, сайлов бюллетенларини брайль алифбоси асосида тўлдириш учун трафаретлар тайёрланиши белгиланган, яъни имконияти чекланган фуқароларнинг ўз конституцион ҳуқуқларидан фойдаланишлари учун имконият яратилган.

Жонли мулоқот тарзида ўтган матбуот анжумани сайлов қонунчилигига оид савол-жавобларга бой бўлди. Журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган барча саволларига мутахассислар, вилоят сайлов комиссияси аъзолари томонидан батафсил жавоб олишди.

Report Page